“London Post”: Ўзбекистон жаҳон чемпионатида “кашфиёт жамоа” бўлишга ҳаракат қилмоқда

Июнь 16, 2026. 15:30 • 3 дақ

99
“London Post”: Ўзбекистон жаҳон чемпионатида “кашфиёт жамоа” бўлишга ҳаракат қилмоқда

ЛОНДОН, 16 июнь. /“Дунё” АА/. Британиянинг нуфузли “London Post” нашрида Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги иштирокига бағишланган “Футбол майдонида Янги Шарқ жамоаси: “Оқ бўрилар”нинг мундиал сари тарихий юриши” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақола муаллифининг ёзишича, 1992 йилда мустақил Ўзбекистон миллий футбол жамоаси халқаро майдонда ўзининг илк қадамини ташлаган. Орадан роппа-роса 34 йил ўтиб, жамоа тарихий ютуққа эришди – Ўзбекистон 2026 йилги Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

Ушбу ютуқ шунчаки муваффақият эмас. Бу – 1994 йилги Осиё ўйинларида қўлга киритилган олтин медаллардан буён йиғилиб келган умидлар, орзулар ва синовлар натижасида шаклланган, гўёки амалга ошмасдек туюлган орзунинг рўёбидир.

Бу ғалабани янада аҳамиятли қиладиган жиҳат шундаки, у Шарқ меҳмондўстлиги ва бой ислом маданиятига эга Ўзбекистонга Қатар, Саудия Арабистони, Марокаш ва Миср каби биродар давлатлар қаторида жаҳон тожи учун курашиш ҳуқуқини тақдим этди. Бугун араб дунёсининг қатор нуфузли нашрлари “Оқ бўрилар” зафарини умумий қувонч ва футболнинг қайта уйғониши сифатида олқишламоқда.

Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон терма жамоаси саралаш ўйинларини сабот ва матонат мактабига айлантириб, бу шарафли йўлни омадга таянмаган ҳолда босиб ўтди. Саралаш босқичининг 16 та кескин баҳсида улар 27 та гол уриб, ўз дарвозасидан атиги 11 та тўп ўтказиб юборишди. Бу эса умумий ғалабалар фоизини ҳайратланарли 60 фоиздан юқорига кўтарди.

Шунингдек ўқинг

Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасидаги ўртоқлик ўйинлари ҳам алоҳида эътиборга молик: Қоҳирада Африканинг йирик жамоаларидан бири – Миср устидан 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба ҳамда кучли Венесуэла билан кечган 0:0 ҳисобидаги дуранг Ўзбекистон терма жамоасининг турли қитъа услубларига қарши муваффақиятли ўйнай олишини намоён этди.

Ҳозирда жамоани италиялик машҳур жаҳон чемпиони Фабио Каннаваро бошқармоқда. Унинг қўл остида шаклланган тактик интизом жаҳон мутахассисларини лол қолдирмоқда. Хусусан, “Total Football Analysis” нашри Ўзбекистон терма жамоасини Европача совуққонлик билан ўйнайдиган, мудофааси эса пўлат қалъадек мустаҳкам жамоа сифатида таърифлаган.

Бу жамоа терма жамоа тарихида 44 та гол билан энг яхши тўпурар ҳисобланган Элдор Шомуродов етакчилигида ҳамда дунёнинг энг кучли клубларидан бири – Англиянинг “Манчестер Сити” жамоаси асосий таркибида ўйнаётган 22 ёшли ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг майдондаги иштироки билан ҳақиқий “Олтин авлод”га айланди. Унинг етакчилигидаги тактик интизом жаҳон экспертларини ҳайратда қолдирмоқда.

Футболчиларни олдинда улкан синовлар кутиб турибди. Ўзбекистон “К” гуруҳидаги учта баҳсда футбол оламини ларзага солиб, “кашфиёт жамоа” бўлишга ҳаракат қилиб кўради. 18 июнь куни Мехико шаҳридаги тарихий “Ацтека” стадионида вакилларимиз Колумбияга қарши жаҳон чемпионатидаги дебют учрашувини ўтказади. Шундан сўнг, 23 июнь куни Хьюстонда Португалияга, 28 июнь куни эса Атлантада Конгога қарши ўйинлар бўлиб ўтади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш