Ўзбекистон элчиси Туркманистоннинг Ахал вилояти ҳокими билан учрашув ўтказди

Июнь 16, 2026. 18:00 • 2 дақ

78
Ўзбекистон элчиси Туркманистоннинг Ахал вилояти ҳокими билан учрашув ўтказди

АШХОБОД, 16 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимов Туркманистоннинг Ахал вилояти ҳокими Тойгули Нурмурадов билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда ҳудудлараро шерикликни ривожлантиришнинг муҳим жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилди. Суҳбатда икки давлат раҳбарларининг дўстона ва ишончли мулоқоти давлатлараро алоқаларни янги босқичга кўтаришда асосий ҳаракатлантирувчи куч бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

Музокараларнинг марказий мавзуларидан бири — Тошкент ва Ахал вилоятлари ўртасида 2025 йил 17 ноябрда имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги битим ижросини таъминлаш масаласи бўлди. Томонлар ушбу ҳужжат доирасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар алоқаларни аниқ амалий лойиҳалар билан бойитиш зарурлигини қайд этдилар.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, учрашувда жорий йилнинг 22-24 июнь кунлари Ашхобод шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон тадбиркорларининг бизнес-миссиясига кўрилаётган тайёргарлик жараёни муҳокама қилинди. Мамлакатимиз элчихонаси дипломатлари мазкур тадбир доирасида самарали B2B учрашувларини ташкил этиш ҳамда унга Туркманистоннинг йирик қурилиш компаниялари ва ташкилотларини кенг жалб қилишда Ахал вилояти ҳокимлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ташаббусини илгари сурди.

Бундан ташқари, мулоқот чоғида икки ҳудуд корхоналари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, илғор технологиялар алмашинуви ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш дастурларини амалиётга жорий этиш имкониятлари хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган барча устувор йўналишлар бўйича биргаликдаги ишларни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш