Юлия Абухович: Беларусь Ўзбекистонни Марказий Осиё ва ён-атрофдаги бошқа минтақалар бозорига чиқишда муҳим платформа сифатида кўрмоқда

Сентябрь 19, 2026. 12:30 • 2 дақ

115
Юлия Абухович: Беларусь Ўзбекистонни Марказий Осиё ва ён-атрофдаги бошқа минтақалар бозорига чиқишда муҳим платформа сифатида кўрмоқда

МИНСК, 19 сентябрь. /“Дунё” АА/. Беларусь етакчи “News.by” ахборот каналида иқтисодий таҳлилчи Юлия Абухович Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий муносабатларнинг ҳозирги ҳолати бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Таҳлилчининг сўзларига кўра, товар айланмасининг кейинги ўсиши учун юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш муҳимдир.

Қайд этилишича, Беларусь ўзбекистонлик ҳамкорларга машинасозлик, таълим, тиббиёт, биотехнология ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги тажрибасини таклиф этмоқда. Ўз навбатида, Беларусь томони учун Ўзбекистоннинг пахтачилик, мева-сабзавотчилик ва енгил саноат соҳасидаги имкониятлари катта қизиқиш уйғотмоқда.

Аграр соҳада ҳам салмоқли салоҳият сақланиб қолмоқда. Беларусь чорвачилик учун ечимларни таклиф этмоқда, шу жумладан ўзбекистонлик ҳамкорлар учун шароитлар яратиб, лойиҳаларни амалга ошириш учун объектлар ажратмоқда.

Экспертнинг маълум қилишича, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 1 миллиард долларга етди. Ўзбекистон етакчисининг Беларусьга амалга оширган тарихий ташрифидан сўнг ўзбекистонлик тадбиркорлар ушбу мамлакатнинг турли ҳудудларида 50 дан ортиқ янги корхоналарни рўйхатдан ўтказди ва уларнинг умумий сони 150 тадан ошди.

Жорий йилнинг 7–8 июль кунлари Минск шаҳрида бўлиб ўтган III Беларусь-Ўзбекистон ҳудудлараро форумида Ўзбекистондан 200 дан ортиқ тадбиркор иштирок этди, эришилган келишувларнинг умумий қиймати эса 1,5 миллиард доллардан ошди.

Шунингдек ўқинг

Экспертнинг баҳолашича, саноат кооперациясини кенгайтириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш эвазига товар айланмасини 2 миллиард долларга етказиш мумкин.

“Биз бундай ҳажмларга фақат юқори қўшилган қийматга эга мураккаб маҳсулотлар савдоси орқали эришишимиз мумкин”, — деди Юлия Абухович.

Икки мамлакат ўртасида Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги Декларациянинг имзоланиши ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратгани ҳамда ҳамкорликнинг узоқ муддатли мақсадлари ва аниқ йўналишларини белгилаб бергани таъкидланди.

Шу билан бирга, Беларусь Ўзбекистонни Марказий Осиё ва ён-атрофдаги бошқа минтақалар бозорига чиқишда муҳим платформа сифатида кўрмоқда. Хусусан, қўшма корхоналар имкониятларидан фойдаланган ҳолда Беларусь техникасини Афғонистон ва минтақавий бозорларга етказиб бериш истиқболлари ўрганилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш