“Ariananews” АА: Термизда Ўзбекистон–Афғонистон енгил саноат маҳсулотларининг қўшма кўргазмаси ўтказилди

Сентябрь 17, 2026. 22:30 • 2 дақ

56
“Ariananews” АА: Термизда Ўзбекистон–Афғонистон енгил саноат маҳсулотларининг қўшма кўргазмаси ўтказилди

ҚОБУЛ, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. “Ariananews” ахборот агентлигида Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида енгил саноат соҳасидаги шериклик алоқаларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда ёзилишича, 15 сентябрь куни Термиз халқаро савдо марказида Афғонистон ва Ўзбекистон енгил саноат маҳсулотларига бағишланган биринчи ўзбек-афғон қўшма кўргазмаси иш бошлаган. Кўргазмада икки мамлакат расмийлари, дипломатлар ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди.

Кўргазмада афғон гиламлари, заъфарон, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар, қўл санъати маҳсулотлари, қуритилган мевалар ва кийим-кечак каби маҳсулотлар намойиш қилинди.

Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуруддин Азизий икки мамлакат анъанавий савдодан ташқари қўшма ишлаб чиқариш, инвестиция, таъминот занжири ва экспортни кенгайтиришга ўтиши кераклигини таъкидлаган.

Шунингдек ўқинг

У Афғонистоннинг гилам, тўқимачилик, кийим-кечак, чарм буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги салоҳияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган.

Мақолада қайд этилишича, афғонистонлик ишбилармонлар Ўзбекистонни ишлаб чиқариш, технология, муҳандислик ва минтақавий бозорларга чиқишнинг асосий манбаи сифатида эътироф қилган.

Ташкилотчилар бизнесдан бизнесга (B2B) форматидаги учрашувларнинг муҳимлиги ҳамда ушбу кўргазма махсус савдо шартномаларини тузиш, инвестиция соҳасида шериклик ўрнатиш ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳисса қўшишини таъкидлаган.

Тадбир давомида Афғонистондаги “Ghazanfar Bank” ва Ўзбекистон товар-хомашё биржаси (UZEX) вакиллари савдо тартибларини соддалаштиришга қаратилган ҳамкорлик шартномасини имзолаган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш