Ленинград вилоятида Ўзбекистон фуқаролари учун меҳнат имкониятлари кенгаймоқда

Сентябрь 19, 2026. 11:00 • 2 дақ

50
Ленинград вилоятида Ўзбекистон фуқаролари учун меҳнат имкониятлари кенгаймоқда
Ленинград вилоятида Ўзбекистон фуқаролари учун меҳнат имкониятлари кенгаймоқда

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 19 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги вакиллари минтақавий инвестиция “BRIEF” форумида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Форумда маълум қилинишича, Ленинград вилоятида 194 мингдан ортиқ бўш иш ўрни мавжуд. Уларнинг 75 фоизи ишчи мутахассисликларга, 25 фоизи эса муҳандис-техник ходимларга тўғри келади. Қурилиш ва агросаноат соҳалари вакиллари ҳам Ўзбекистондан келадиган ишчи кучига эҳтиёж юқорилигини таъкидлади.

Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги вакили меҳнат мигрантларини қонуний ва уюшган тарзда ишга жалб қилиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда айрим легаллаштириш жараёнларини Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириш таклифини илгари сурди.

Ҳамкорликнинг амалий кўлами Кингисепп туманида ҳам яққол кўринади. Уст-Луга порти қурилишида 16 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда. Томонлар уларнинг меҳнатига эҳтиёж юқорилиги ва маҳаллий аҳоли томонидан шикоятлар мавжуд эмаслигини қайд этди.

Уст-Луга порти Россиянинг йирик порт инфратузилмаларидан бири бўлиб, 13 та ихтисослаштирилган терминал орқали нефть ва нефть маҳсулотлари, кўмир, минерал ўғитлар, умумий ҳамда контейнер юкларини қайта ишлайди.

Учрашувларда порт инфратузилмаси хавфсизлиги, тезкор ахборот алмашинуви ва Ленинград вилоятининг Кингисепп тумани билан Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш