Қатарда Ўзбекистон маданияти элчиси тайинланди
Апрель 08, 2026. 09:42 • 2 дақ
• 155
ДОҲА, 8 апрель. /“Дунё” АА/. Қатар пойтахтидаги “Katara Cultural Village” мажмуасида мазкур марказ директори Холид бин Иброҳим Ал-Сулайтийга “Ўзбек маданияти элчиси” фахрий унвонини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир мамлакатимизнинг Қатардаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Маросимда юз нафарга яқин киши, жумладан, дипломатик корпус ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
“Katara Cultural Village” Доҳадаги энг йирик ва нуфузли маданий марказлардан бири ҳисобланади. У ўзининг замонавий инфратузилмаси, муҳташам амфитеатр, опера театри ва турли санъат муассасалари билан ажралиб туради. Мазкур мажмуа турли маданиятлар намуналари, ғоялар алмашинуви ва ижодий ҳамкорликни ривожлантирадиган ноёб майдон сифатида тан олинган.
Холид Ал-Сулайтий Ўзбекистон Президенти, Маданият вазирлиги ва ўзбек халқига чуқур ҳурмат ва миннатдорлик изҳор этди. У мамлакатимиз азим тарихи ва бой маданий меросини юксак қадрлашини яна бир бор таъкидлади.
“Ўзбек маданият элчиси юксак унвони мен учун шараф ва бир пайтнинг ўзида катта масъулиятдир. Халқларимиз ўртасидаги маданий мулоқотни янада ривожлантиришга бор куч-ғайратимни сарфлайман”, дея таъкидлади Холид Ал-Сулайтий.
Ўзбек маданияти элчисига кўкрак нишони, сертификат ва эсдалик совғалари топширилди. У Катар маданий мажмуаси раҳбари сифатида тарихда биринчи марта шарафли унвонга сазовор бўлганини алоҳида таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси