Ўзбекистонлик талабалар юртимизнинг Покистондаги элчихонасида амалиёт ўтамоқда
Сентябрь 02, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 31
ИСЛОМОБОД, 2 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг бир гуруҳ талабалари юртимизнинг Покистондаги элчихонасида ўқув-амалий машғулотларда иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташқи сиёсий фаолият учун етук ва малакали кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги халқаро муносабатлар йўналишларида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига амалиётга юбориш тажрибасини йўлга қўйди.
Мазкур лойиҳа доирасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети талабалари Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасида касбий кўникмаларини бойитмоқда.
Талабалар элчихона фаолиятининг асосий йўналишлари, кундалик дипломатик ишлар ҳамда халқаро муносабатларнинг амалий жиҳатларини ўрганмоқда. Улар дипломатик протокол қоидаларини қўллаш, халқаро ҳуқуқ меъёрларининг амалий механизмларини ўрганиш, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича сиёсий ва иқтисодий ташаббуслар ҳамда таклифларни ишлаб чиқишда қатнашаяпти.
Шу билан бирга, талабалар музокаралар олиб бориш усуллари, дипломатик ёзишмалар тартиб-қоидалари, расмий хатлар ва дипломатик ноталар алмашиш тартиби бўйича билимларини ҳам оширмоқда.
Амалиётчи талабалар Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан элчихона томонидан Покистонда ташкил этилаётган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнларида ҳам фаол иштирок этди.
Ўзбекистонлик талабаларнинг мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида амалиёт ўташи уларга назарий билимларини амалий тажриба билан уйғунлаштириш имконини бермоқда. Бу эса талабаларнинг келгусидаги касбий фаолияти учун муҳим тажриба бўлиб хизмат қилади.
Талабаларнинг Покистондаги ўқув-амалий машғулотлари 12 сентябргача давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси