“UNA-OIC”: Ўзбекистон БМТни ислоҳ қилиш ва глобал мулоқотни мустаҳкамлашга чақирмоқда
Сентябрь 30, 2026. 18:00 • 3 дақ
• 91
АР-РИЁЗ, 30 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) сайтида Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясидаги нутқига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, турли урушлар, геополитик таранглик, ишончнинг сусайиши ва тенгсизлик кучайган бир шароитда Ўзбекистон очиқлик, яхши қўшничилик ва мулоқот йўлини танлаган бўлиб, давлат сиёсатининг бош мезони инсон қадр-қиммати ҳисобланади.
Мақолада нутқнинг ўзбек тилида секин-аста янграгани, унда БМТнинг можароларни олдини олиш қобилиятини мустаҳкамлаш, қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш ҳамда ташкилотни замонавий талабларга мослаштиришга қаратилган “ООН-80” (“БМТ-80”) ташаббусини қўллаб-қувватлаш масалалари қамраб олингани таъкидланган. Шунингдек, Ўзбекистон Хавфсизлик Кенгашини кенгайтириш тарафдори экани ва келаси йили Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилишга тайёргарлик кўраётгани алоҳида қайд этилган.
Нашрда Марказий Осиёда содир бўлаётган ижобий ўзгаришларга ҳам катта ўрин берилган. Хусусан, етакчиларнинг сиёсий иродаси туфайли чегара ва сув ресурслари бўйича собиқ келишмовчиликлар ўрнини амалий шериклик эгаллаётгани, шунингдек, Афғонистонга нисбатан фақат куч ишлатишга асосланган ёндашувдан воз кечиб, афғон халқининг тинч ҳаёт кечириши учун шароит яратишга кўмаклашиш зарурлиги урғуланган.
Материалда мамлакатимизда амалга оширилган ички ислоҳотларнинг салмоқли натижаларига ҳам эътибор қаратилган. Хусусан, сўнгги ўн йил ичида иқтисодиёт ҳажми 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларга етгани, хорижий инвестициялар миқдори 150 миллиард доллардан ошгани, экспорт қарийб уч баравар кўпайгани, қашшоқлик даражаси 4 фоизгача камайгани келтирилган. Шунингдек, мактабгача таълим билан қамров 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан қарийб 50 фоизга етгани, ўртача умр кўриш эса 66 ёшдан 75 ёшдан ошгани таъкидланган.
Бундан ташқари, UNA-OIC экологлик кун тартибига, жумладан, Орол денгизининг қуриган тубида яшил майдонларни барпо этиш, 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергетика улушини 54 фоизга етказиш ҳамда 2027–2036 йилларни Ўрмон барпо этиш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги деб эълон қилиш ташаббусига урғу берган. Шу билан бирга, болалар ва тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, парламентда аёллар улуши 39 фоизга етказилгани, сунъий интеллектни масъулиятли қўллаш бўйича халқаро мулоқот йўлга қўйилгани ва Тошкент халқаро молия маркази ҳузурида инглиз ҳуқуқи тамойиллари асосида Халқаро тижорат суди ташкил этилгани эътироф этилган.
Якунда халқаро ҳамкорлик ва технологиялар инсон қадр-қимматини асраб-авайлашга хизмат қилиши кераклиги, Ўзбекистон эса глобал миқёсда маданиятлараро ва динлараро мулоқот, маърифат ҳамда бағрикенгликни ривожлантиришга бундан буён ҳам фаол ҳисса қўшиш ниятида экани қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси