10–15 август кунлари Қашқадарё “Ёшлар – келажак бунёдкорлари!” номли V Халқаро экологик қурултойига мезбонлик қилади
Август 07, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 92
ТОШКЕНТ, 7 август. /“Дунё” АА/. 10–15 август кунлари Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида жойлашган “Лочин” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Ёшлар–келажак бунёдкорлари!” номли V Халқаро экологик қурултой бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотига кўра, халқаро қурултойда Беларусь, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Россия ва Ўзбекистондан ёш вакиллари иштирок этади.
Тадбир доирасида турли танлов, мусобақа, тақдимот, кўргазма, учрашув ва экологик акциялар ўтказилади. Шу билан бирга, турли лойиҳа ва ташаббуслар амалга оширилади. Бундан ташқари, қурултой дастуридан “Энг яхши экологик лойиҳа”, “Ёш экологлар” ҳаракати энг яхши кенгаши” танловлари, “Эко-заковат” ва “Қувноқлар ва зукколар” халқаро ўйинлари ҳамда қатор бошқа мусобақалар ўрин олган.
Халқаро қурултойни ўтказишдан мақсад ёшларнинг экология ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги фаоллигини ошириш, ёшларни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларига кенг жалб этиш, истиқболли экологик ғоя ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда амалга ошириш, шунингдек, долзарб экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси