Тошкентдан Британиянинг Манчестер шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда

Август 07, 2026. 09:00 • 2 дақ

72
Тошкентдан Британиянинг Манчестер шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда

МАНЧЕСТЕР, 7 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Буюк Британиянинг Манчестер шаҳрида “Manchester Airports Group” (MAG) компаниясининг корпоратив масалалари бўйича директори Рис Уолли билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантириш, хусусан, “Тошкент – Манчестер” йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хориж томони Манчестер аэропорти Буюк Британиянинг шимоли ва Шимолий Европадаги энг йирик транспорт-логистика марказларидан бири эканини таъкидлади. Қайд этилишича, аэропорт орқали йиллик йўловчилар оқими 32 миллион нафардан ошган. Мавжуд икки учиш-қўниш йўлаги эса келгусида бу кўрсаткични 70 миллион нафаргача ошириш имконини беради.

Ўзбекистонда ҳам авиация соҳасидаги жадал ривожланиш кузатилаётгани ҳамда маҳаллий авиакомпаниялар салоҳиятининг ортиб бораётгани “Тошкент – Манчестер” йўналишини очиш учун мустаҳкам асос ҳосил қилаётганлиги урғуланди.

Шунингдек ўқинг

Британия томони мазкур авиақатнов нафақат икки мамлакат ўртасидаги бизнес ва туризм алоқаларини мустаҳкамлаш, балки Ўзбекистоннинг Европа ва бошқа минтақалар билан транзит авиабоғлиқлигини кенгайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Рис Уолли ўзбекистонлик авиакомпанияларни қўллаб-қувватлаш ва лойиҳани амалга оширишда зарур кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида томонлар тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этишда яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

 “Manchester Airports Group” (MAG) – Буюк Британиянинг энг йирик аэропорт оператори бўлиб, Манчестер, Лондон Стэнстед ва Ист-Мидлендс аэропортларини бошқаради. Компания 2001 йилда ташкил этилган. Ўтган йили мазкур аэропортлар орқали 54 миллион нафар йўловчи парвоз қилган бўлиб, MAG Буюк Британия иқтисодиётига 8 миллиард фунт стерлингдан ортиқ ҳисса қўшган. Компанияда бевосита 7 минг нафардан ортиқ ходим меҳнат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш