14 август куни Тошкентда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтади
Август 12, 2026. 15:30 • 2 дақ
•
ТОШКЕНТ, 12 август. /“Дунё” АА/. 14 август куни Тошкентда “Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади.
Тадбир Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Адлия вазирлиги, Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ҳамда Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилмоқда.
Анжуманда миллий ва хорижий парламентлар аъзолари, давлат органлари, халқаро ташкилотлар, илмий ва эксперт доиралари вакиллари иштирок этади.
Иштирокчилар диққат марказида Ўзбекистоннинг 35 йиллик мустақил тараққиёт йўли якунлари, конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, парламентаризмни ривожлантириш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, иқтисодий трансформация, инсон капиталини юксалтириш ҳамда экологик барқарорлик масалалари бўлади.
Анжуманга Озарбайжон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия парламентлари, БМТ, Осиё тараққиёт банки, ЮНИСЕФ ва Европа Иттифоқи вакиллари таклиф этилган.
Учрашув дастуридан ялпи мажлис ва учта мавзуга оид шўба йиғилиши ўрин олган. Муҳокамаларда халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, ривожланишнинг келгуси устувор йўналишлари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Тадбир якунида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, қонунчилик тажрибаси алмашинувини кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни илгари суришга қаратилган Тошкент декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси