Ғарбий Европа кузатувлар тарихидаги энг иссиқ июнь ва июль ойларини бошдан кечирди

Август 12, 2026. 15:00 • 3 дақ

69
Ғарбий Европа кузатувлар тарихидаги энг иссиқ июнь ва июль ойларини бошдан кечирди
“AFP” агентлиги сурати

БРЮССЕЛЬ, 12 август. /“Дунё” АА/. Бу йил июнь ва июль ойларида Ғарбий Европада ўртача ҳарорат Цельсий бўйича рекорд – 21,62 даражага етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Европа Иттифоқининг “Copernicus” иқлим хизмати пресс-релизига таяниб.

Аввалги рекорд 2022 йилда ўрнатилган эди. “Copernicus” ғайриоддий узоқ давом этган жазирамани қайд этди: май ойидан буён минтақада аномал юқори ҳароратнинг тўртта тўлқини кузатилди.

Жазирама узоқ муддатли қурғоқчилик, йирик ўрмон ёнғинлари ва янги ҳарорат рекордларига сабаб бўлди. Жазирама Испания, Франция, Германия, Австрия, Венгрия, Буюк Британия ҳамда Ирландия ва Исландиянинг айрим ҳудудларида кузатилди.

Ғарбий Европада тупроқ 2022 йил июлига қараганда анча қуруқ бўлди. Унинг ҳаддан ташқари қуриб кетиши ер сиртини табиий равишда совутиш қобилиятини пасайтиради ва бу иссиқликнинг янада тўпланишига олиб келади.

Сена, Рейн ва Дунай каби йирик дарёларда ҳам сув сатҳи ғайриоддий даражада пасайиб кетди. Бу қатор мамлакатларда кемачилик, суғориш ва энергия ишлаб чиқаришга путур етказди.

Жазирама ва қурғоқчилик ўрмон ёнғинлари хавфини оширди. Айниқса, Франция ва Испанияда жиддий ёнғинлар юз берди.

Шунингдек ўқинг

“Copernicus” июль ойида океанлар юзаси ҳароратининг рекорд даражада бўлганини қайд этди. Қутб минтақаларидан ташқаридаги ўртача кўрсаткич Цельсий бўйича 20,96 даражани ташкил этиб, 2023 йилдаги аввалги рекорддан (20,89 даража) ошиб кетди.

2026 йилнинг июли кузатувлар тарихидаги иккинчи энг иссиқ ой бўлиб, бу ўринни 2024 йилнинг июли билан бўлишди. Ер сиртидаги ўртача ҳаво ҳарорати 16,90 даражани ташкил этди. Бу саноатлашувгача бўлган даврдагидан 1,47 даража юқоридир.

2026 йилнинг дастлабки етти ойи якунларига кўра, бу йил 2024 ва 2025 йиллардан кейин энг иссиқ йиллар рўйхатида учинчи ўринни эгалламоқда. Олимларнинг фикрича, кучайиб бораётган Эль-Ниньо ҳодисаси йилнинг иккинчи ярмида глобал ҳароратнинг янада кўтарилишига олиб келиши мумкин.

“Copernicus”дагилар 2026 йил охири ёки 2027 йил бошида ҳарорат янги жаҳон рекорди ўрнатилишини истисно этмаяпти. Маълумотларга кўра, сўнгги 11 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йиллар бўлди.

Европалик олимлар узоқ муддатли исишни, биринчи навбатда, иссиқхона газлари концентрациясининг ортиши билан боғламоқда. Океанлар ортиқча иссиқликнинг катта қисмини ўзига сингдиради, бироқ сув ҳароратининг кўтарилиши кучли ёғингарчилик ва бўронларга сабаб бўлиб, денгиз экотизимларига зарар етказади.

“AFP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш