Колумбиядаги зилзила қурбонлари сони 250 кишидан ошди

Август 12, 2026. 12:30 • 2 дақ

36
Колумбиядаги зилзила қурбонлари сони 250 кишидан ошди

БОГОТА, 12 август. /“Дунё” АА/. Колумбия ғарбида рўй берган 7,4 магнитудали кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 250 кишидан ошди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.

10 август куни эрта тонгда содир бўлган зилзила мамлакатда сўнгги ўн йилликлардаги энг вайронкор офатлардан бири бўлди. Айниқса, Колумбиянинг қаҳва етиштириладиган ҳудуди катта зарар кўрди. Уч мингдан ортиқ киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Қутқарувчилар вайроналарни кранлар, экскаваторлар ёрдамида ва қўлда тозалашмоқда. Бугунги кунга келиб, маҳаллий ҳисоб-китобларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 254 нафарга етди. Расмийлар алоқадаги узилишлар сабабли якуний маълумотлар фақат бир неча кундан кейин эълон қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Беш мингга яқин уй-жой шикастланди, ўнлаб бинолар қулади, юзлаб турар жойлар вайрон бўлди. Кали шаҳрида шифохонанинг юқори қаватлари, жумладан, болалар хоналари қисман қулаб тушди ва 600 нафарга яқин одамга кўчада тиббий ёрдам кўрсатишга тўғри келди.

Кибдо, Перейра, Манисалес, Армения, Картаго ва Буэнавентура шаҳарларидаги олтита аэропорт ёпилди. Шунингдек, сув, электр энергияси, тиббий ёрдам ва телефон алоқаси таъминотида узилишлар кузатилди, айрим йўллар эса ёпиқлигича қолмоқда.

Колумбия ҳукумати жабрланганларга сув, озиқ-овқат, гигиена воситалари, вақтинчалик бошпана ва тиббий ёрдам жўнатди. АҚШ зудлик билан зарур бўлган эҳтиёжлар учун 15,5 миллион доллар ажратди. Америкалараро тараққиёт банки эса тиклаш ишлари учун 50 миллион доллар тақдим этишга тайёрлигини билдирди.

“AP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш