15 мамлакат Боб ал-Мандаб бўғози, Қизил денгиз ва Адан қўлтиғида кемалар қатновини ҳимоя қилиш учун коалиция тузмоқчи
Август 14, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 84
АР-РИЁЗ, 14 август. /“Дунё” АА/. 15 та давлат Саудия Арабистони бошчилигида кўп миллатли денгиз мудофааси коалициясини тузиш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Anadolu” агентлигига таяниб.
Агентликнинг маълум қилишича, Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 13 та давлат ички тартиб-қоидаларни якунлаб, коалиция низомини имзолаган ва унга қўшилишини расман эълон қилган. Ушбу қарор 14 август куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтган коалицияни режалаштириш идораларининг учинчи йиғилиши якунида қабул қилинди.
Коалиция Боб ал-Мандаб бўғози, Қизил денгиз ва Адан қўлтиғи ҳудудида кемалар ҳаракати эркинлиги, халқаро савдо ва энергия таъминоти йўналишларини таъминлаш билан шуғулланади. Унга саудиялик контр-адмирал Абдулла бин Салим ал-Шаҳрий қўмондон этиб тайинланди, унинг ўринбосари эса Покистон вакили бўлади.
Коалициянинг тузилиши Ямандаги вазият кескинлашуви фонида юз бермоқда. Сўнгги кунларда Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳусийлар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги тўқнашувлар кучайди. Таиз вилоятида камида бир нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, яна бири оғир яраланди. Яман ҳарбийларининг қайд этишича, ўтган ҳафтадан бери тўқнашувларда ўнлаб ҳукумат аскарлари ҳалок бўлган.
Ҳусийлар Жизан шаҳридаги “Saudi Aramco” нефтни қайта ишлаш объектига учувчисиз учоқлар ёрдамида янги ҳужум уюштирганини маълум қилди. Саудия Арабистони ҳукумати ҳозирча бу маълумотни тасдиқламади. Ўтган ой Ҳусийлар Саудия Арабистони кемаларининг қатновини блокада қилганини эълон қилган эди.
Айни пайтда, БМТнинг Яман бўйича махсус элчиси Ҳанс Грундберг Хавфсизлик Кенгашини Яман 2022 йилдан бери кенг кўламли жанговар ҳаракатларга қайтишга ҳар қачонгидан ҳам яқин тургани ҳақида огоҳлантирди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатнинг қарийб 6 миллион аҳолиси очликка яқин бўлган озиқ-овқат танқислигининг фавқулодда даражасига дуч келмоқда.
Фото телеканала «ABC News»
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси