Эрон АҚШ билан сулҳ битими узайтирилгани ҳақидаги хабарларни рад этди
Август 12, 2026. 18:00 • 3 дақ
• 132
ТЕҲРОН–ВАШИНГТОН, 12 август. /“Дунё” АА/. Эрон ва АҚШ ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни узайтириш масаласини муҳокама қилмаган, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.
Эронлик юқори мартабали манбанинг агентликка маълум қилишича, Теҳрон келишувда кўзда тутилган 60 кунлик муддат амалда бошланмаган, деб ҳисоблайди.
“Муддатни узайтириш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас! Чунки Эрон назарида ҳали ҳеч қандай давр бошланмаган ва шунинг учун узайтирадиган нарсанинг ўзи йўқ”, – дейилади манбада.
Бу баёнот Туркиянинг “Anadolu” агентлиги Покистон манбаларига таяниб, Теҳрон ва Вашингтон гўёки июнь ойида эришилган вақтинчалик келишувда назарда тутилган 60 кунлик сулҳ режимини узайтиришга келишиб олгани ҳақида хабар тарқатганидан сўнг янгради.
Эрон манбасига кўра, АҚШ келишувга эришилганидан атиги 48 соат ўтиб, уни бузган ва бир неча кундан кейин битимдан чиққан. Суҳбатдошнинг таъкидлашича, айни пайтда воситачилар орқали Вашингтоннинг келишувларга қайтиши ва мажбуриятларни бажариш муддатларини белгилаш имконияти муҳокама қилинмоқда, бироқ бу масалада ҳозирча бирор ютуққа эришилмаган.
Июнь келишуви барча йўналишларда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни ва Эрон бўйича якуний битимга эришиш учун 60 кунлик муддатни назарда тутган эди. Шартлар қаторида Ливанда ўт очишни тўхтатиш, Форс кўрфазида эркин кемалар қатнови ва Эрон нефтини экспорт қилиш имконияти ҳам кўриб чиқилган.
Ҳўрмуз бўғозининг мақоми ҳал этилмаган асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Эрон бўғозни яна ёпганини эълон қилди ва кемачиликнинг тўлиқ тикланишини ўз талаблари, жумладан, Эрон активларини фаоллаштириш ҳамда Исроилнинг Ливан ва Ғазодаги урушларини тўхтатиш билан боғламоқда. Ўз навбатида, АҚШ Эрон портлари қамалини тиклаш орқали Теҳронга босимни кучайтирди.
Покистон Эрон ва АҚШ ўртасидаги воситачиликни давом эттирмоқда. Покистон ТИВ июнь меморандумини “Тинчлик андозаси” деб атаб, келишувлар амалда барбод бўлганига қарамай, у келажакдаги музокаралар учун асос бўлиб қолиши мумкинлигини қайд этди.
Шу билан бирга, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Покистон Ички ишлар вазири Муҳсин Нақвий билан учрашув чоғида Теҳроннинг Исломобод билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Ислом инқилоби посбонлари корпуси қўмондони маслаҳатчиси Муҳаммад Ризо Нақдий “PBS” телеканалига берган интервьюсида Эрон Дональд Трампнинг президентлик муддати тугагунига қадар АҚШ билан қарама-қаршиликни давом эттириши мумкинлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, потенциал душман эҳтимолий ҳужум баҳосини англаши учун Теҳрон тийиб туриш сиёсатига эришиши зарур.
Давом этаётган воситачилик саъй-ҳаракатлари ва мулоқотларга қарамай, Эрон ва АҚШ ҳозирча аввалги келишувларга қайтишга тайёр эмаслигини намоён этмоқда. Можарони тўхтатиш ва Ҳўрмуз бўғозини очиш масаласи эса ҳал этилмай қолмоқда.
“AFP” агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси