АҚШ Исроил қўшинларининг Ливанда доимий қолишига қарши чиқди

Август 13, 2026. 14:00 • 2 дақ

5
АҚШ Исроил қўшинларининг Ливанда доимий қолишига қарши чиқди

БАЙРУТ, 13 август. /“Дунё” АА/. АҚШ маъмурияти Исроил қўшинларининг Ливан ҳудудида доимий бўлишини қўллаб-қувватламайди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири “Al Arabiya” порталига таяниб.

Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг исми ошкор этилмаган вакили Исроил мудофаа вазири Исраэл Кацнинг “Исроил қўшинлари Ливан ва Ғазонинг босиб олинган ҳудудларида қолади”, деган баёнотидан сўнг маълум қилди.

“АҚШ барча томонлар келишилган доиравий битимларга мувофиқ ҳаракат қилишини кутмоқда. Исроил эса Ливанда ҳудудий даъволари йўқлигини аниқ билдирган”, – деди америкалик расмий.

Гап Вашингтон воситачилигида Ливан ва Исроил ўртасида имзоланган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув хусусида бормоқда. Унда Исроил кучларининг мамлакатдан босқичма-босқич олиб чиқилиши, Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини қуролсизлантириш ва Ливан жануби устидан назоратни Ливан армиясига топшириш кўзда тутилган.

Аввалроқ Исраэл Кац Ливан жанубига ташрифи чоғида Исроил ҳарбийлари шу ерда қолиши ҳамда Исроил чегара ҳудудида яратилаётган хавфсизлик зонасини тарк этиш ниятида эмаслигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, Исроил мудофаа армияси узоқ муддатли ҳозирликка тайёр туриши лозим.

Давлат департаменти Исроил қўшинларининг Ливан жанубида доимий жойлаштирилиши битимларда мустаҳкамланган мажбуриятларга зид экани ҳамда ҳар икки давлатнинг узоқ муддатли тинчлиги ва хавфсизлигига хизмат қилмаслигини таъкидлади. Вашингтон Ливаннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Эришилган келишувларга мувофиқ, Исроил қўшинларини олиб чиқиш босқичма-босқич амалга оширилиши ва бу жараён “Ҳизбуллоҳ”нинг текшириладиган даражада қуролсизлантирилишига ҳамда унинг ҳарбий инфратузилмаси йўқ қилинишига боғлиқ бўлиши керак. Бунга параллел равишда Ливан армияси жанубий ҳудудлар устидан назоратни кенгайтириб бориши лозим.

“AP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш