Лондонда Ўзбекистон ва Британия ўртасида маданият соҳасидаги янги қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди
Сентябрь 17, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 106ЛОНДОН, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги делегация Британиянинг маданият ва санъат соҳасидаги етакчи ташкилотлари раҳбарлари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, делегация аъзолари Буюк Британия Қироллик мусиқа коллежи бадиий директори Эндрю Мур, Мусиқа таълими уюшмаси (Music Mark) бош директори Женнифер Маки ҳамда Мусиқа индустрияси уюшмаси (UK Music) раҳбари Том Кил билан мулоқот қилди.
Суҳбат давомида Ўзбекистонда мусиқа таълими ва индустриясини ривожлантириш, илғор халқаро тажрибани жорий этиш, педагог ва мутахассислар малакасини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий мусиқа санъатини халқаро майдонга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, академик алмашинув ва маҳорат дарсларини ташкил этиш, иқтидорли ёшлар учун таълим грантлари ва стипендия дастурларини ишлаб чиқиш, болалар мусиқа таълими соҳасида замонавий ва инклюзив методикаларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, мусиқа индустриясида муаллифлик ҳуқуқи ва роялти тизимини такомиллаштириш, рақамли платформаларда ўзбек миллий мусиқасини тарғиб қилиш ҳамда халқаро фестиваллар доирасида Британия мусиқа соҳаси вакиллари билан ижодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувлар якунида мазкур йўналишларда амалий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма ташаббус ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ўзаро мулоқотларни изчил давом эттиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


