29-30 сентябрь кунлари Хива шаҳрида Ўзбекистон-Беларусь парламентлараро форуми бўлиб ўтади

Сентябрь 18, 2026. 14:30 • 3 дақ

8
29-30 сентябрь кунлари Хива шаҳрида Ўзбекистон-Беларусь парламентлараро форуми бўлиб ўтади

ТОШКЕНТ, 18 сентябрь. /«Дунё» АА/. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева раҳбарлигида Хива шаҳрида 29–30 сентябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон – Беларусь парламентлараро форумига тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Олий Мажлис юқори палатаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, Ўзбекистон Президентининг Беларусга 2026 йил 9 июль куни амалга оширган давлат ташрифи Ўзбекистон – Беларусь муносабатларини стратегик даражага олиб чиқди ҳамда сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилди. Ташриф доирасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперацияси, қўшма инвестиция лойиҳалари ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Ушбу келишувларни амалга оширишда икки мамлакат парламентлари муҳим ўрин тутади. Хусусан, парламент дипломатияси орқали ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Шу нуқтаи назардан йиғилишда Ўзбекистон– Беларусь парламентлараро форумига тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ташкил этиш, янги ҳамкорлик келишувларига эришиш ҳамда форум натижаларини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.

Форумнинг асосий мақсади Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги стратегик шерикликни парламентлараро мулоқот ва парламент дипломатиясини ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва инновацион ҳамкорликни қўллаб-қувватлашнинг қонунчилик механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, саноат кооперацияси, рақамли трансформация, агросаноат мажмуаси, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм ва инсон капиталини ривожлантириш соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш орқали мустаҳкамлашдан иборат.

Мазкур форум доирасида Парламентлараро комиссия, Ёшлар парламентларининг мажлиси, маҳаллий вакиллик органларининг учрашуви ҳамда Ўзбекистон – Беларусь аёлларининг тўртинчи бизнес-форумини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек ўқинг

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон – Беларусь аёллари бизнес форумлари ўзини икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги самарали мулоқот майдони сифатида намоён этаётгани Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлигининг муҳим амалий натижаларидан биридир. Форумлар доирасида юзлаб тижорат шартномалари, инвестиция келишувлари ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида мустаҳкам ишбилармонлик алоқаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

2023 йил сентябрда Минск шаҳрида ўтказилган биринчи Ўзбекистон – Беларусь хотин-қизлар бизнес-форумида умумий қиймати 28,7 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган 42 та ҳужжат имзоланган. 2024 йил августда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи форум якунлари бўйича 89 млн АҚШ долларидан зиёд қийматга эга 43 та тижорат битими ва 22 та меморандум қабул қилинган. 2025 йилдаги учинчи форумда эса жами 49 та ҳужжат, жумладан 88,2 млн АҚШ доллари миқдорида 27 та тижорат шартномаси имзоланган.

Тўртинчи бизнес-форумда тўртта секция, шу жумладан саноат кооперацияси, қўшма инвестициялар ва меҳнат салоҳиятидан фойдаланиш, агросаноат мажмуасида озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар, гуманитар ва ижтимоий соҳада ҳамда туризм соҳасида ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўналишлари бўйича муҳокамалар ўтказиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, икки мамлакат тадбиркор аёллари ва давлат органлари ўртасида “B2B” ва “G2B” форматида учрашувлар ташкил этиш, шунингдек, тижорат шартномалари, битимлар ва ҳамкорлик меморандумлари тузиш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон – Беларусь парламентлараро форумини юқори савияда ўтказиш бўйича вазирлик ва идоралар масъулларига аниқ топшириқлар берилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш