“Независимая газета”: Тошкент ва Сеул 12 миллиард долларлик инвестиция келишувига эришди
Сентябрь 18, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 34
МОСКВА, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сеулга ташрифи давомида Корея Республикаси Президенти билан инновацион-технологик альянс тузиш бўйича келишиб олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Россиянинг нуфузли “Независимая газета” кундалик ижтимоий-сиёсий нашрига таяниб.
Музокаралар якунида 12 миллиард долларлик инвестиция портфели ва Корея Эксимбанки билан 8 миллиард долларлик шериклик дастури бўйича келишувга эришилди. Тошкент кореялик ҳамкорларни яримўтказгичлар, электромобиллардан тортиб биофармацевтикагача бўлган соҳаларда ишлаб чиқариш қувватларини яратишга жалб этишни мақсад қилган.
Ўзбекистон аллақачон автосаноат ва газ-кимё каби соҳаларда фаолият юритаётган 700 та қўшма корхона тажрибасига таянмоқда. Эндиги асосий мақсад — технологиялар трансфери, IT, киберхавфсизлик ва кадрлар тайёрлаш орқали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан иборат. Муҳим минерал ресурсларни қайта ишлаш ҳам ҳамкорликнинг устувор йўналишига айланади. Ўзбекистон ишлаб чиқариш занжирини маҳаллийлаштиришдан, Жанубий Корея эса хомашёнинг барқарор етказиб берилишидан манфаатдор.
Ташаббусларнинг муваффақиятли амалга ошиши инфратузилма ва кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга боғлиқ. Ўзбекистонда Жанубий Корея олий ўқув юртларининг филиаллари ва касб-ҳунарга ўргатиш марказлари фаолият юритмоқда ва улар янги лойиҳалар эҳтиёжларига мослаштирилади.
Сиёсий соҳада томонлар ҳарбий-техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қонун чиқарувчи органлар, вазирликлар, ҳудудий ҳокимиятлар ва бизнес вакиллари ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш интилишини билдирдилар. Эришилган иқтисодий келишувларни амалда рўёбга чиқариш тегишли вазирлик ҳамда идоралар зиммасига юкланди. Улар томонидан аниқ кўрсаткичлар, ижро жадваллари тасдиқланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси