30 июль – 1 август кунлари Ўзбекистон Президенти давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлади
Июль 29, 2026. 22:30 • 2 дақ
• 15
ТОШКЕНТ, 29 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 30 июль – 1 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон–Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар.
Саммит якунлари бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш режалаштирилган.
Ташриф дастурига мувофиқ, Президентимиз Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви ва бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси