4–6 сентябрь кунлари Самарқандда Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси ўтказилади
Сентябрь 02, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 118
ТОШКЕНТ, 2 сентябрь. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 4–6 сентябрь кунлари қадимий Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ҳамда Парламентлараро иттифоқ ҳамкорлигида «Мураккаб даврда инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсон қадр-қимматини тиклаш йўлида» мавзусида Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси ташкил қилинади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, халқаро анжуман Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ёшларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги фаол иштирокини кенгайтириш, уларнинг парламент фаолиятидаги ролини кучайтириш, ёш авлод вакиллари ўртасида глобал мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббусларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Конференцияда 183 мамлакат, 15 та халқаро ташкилот вакиллари ҳамда 50 га яқин доимий кузатувчидан иборат 300 га яқин иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда. Уларнинг орасида ёш парламент аъзолари, парламент раҳбарлари ва вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари бор.
Анжуман доирасида ёш парламент аъзолари замонавий дунёда дуч келаётган долзарб муаммоларни муҳокама қилади, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини таъминлаш, адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ёшларнинг ролини ошириш масалалари юзасидан фикр ва тажриба алмашади.
Шунингдек, конференция доирасида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорликка бағишланган III глобал форум ҳам ташкил этилади.
Бугунги кунда дунёда жадал ўзгаришлар, янги хавф ва таҳдидлар кузатилаётган бир шароитда ёшларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини таъминлаш, салоҳияти ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, мазкур конференция ёш парламент аъзолари учун нафақат тажриба ва фикр алмашиш, балки аниқ ташаббусларни илгари суриш ҳамда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муҳим халқаро майдон ҳисобланади.
Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган ушбу нуфузли халқаро анжуман Ўзбекистоннинг парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, ёшлар дипломатиясини қўллаб-қувватлаш ва глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги фаол позициясини намоён этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси