Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга амалий ташрифи якунланди

Сентябрь 01, 2026. 18:35 • 2 дақ

61
Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга амалий ташрифи якунланди

ТОШКЕНТ, 1 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкек шаҳрига амалий ташрифи бугун якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президенти Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилишида иштирок этгани ташрифнинг асосий воқеаси бўлди. Унда ШҲТнинг 25 йиллик тараққиёт йўли сарҳисоб қилиниб, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.

Президентимиз саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт алоқалари, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш, озиқ-овқат, сув ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Йиғилиш якунлари бўйича Бишкек декларацияси ҳамда асосий йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган муҳим ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси БМТнинг адолатли кўп қутбли дунё тартиботини шакллантиришдаги ролига бағишланган “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда нутқ сўзлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий ва мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлаб, “ШҲТ плюс”ни минтақалараро мулоқот майдони сифатида ривожлантиришни таклиф қилди.

Шунингдек ўқинг

Саммит доирасида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Россия Президенти Владимир Путин ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан музокаралар бўлиб ўтди. Шунингдек, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор билан учрашувлар ўтказилди.

Бишкекда давлатимиз раҳбари рафиқаси билан бирга VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Тадбирлар якунлангач, “Манас” халқаро аэропортида Ўзбекистон Президенти ва рафиқасини Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси – Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Қасималиев ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрига қайтиб келди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш