Logo

Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги Ўзбекистон ва хорижда кенг нишонланади

Февраль 06, 2026. 11:16 • 2 дақ

78
Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги Ўзбекистон ва хорижда кенг нишонланади

ТОШКЕНТ, 6 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Қарорнинг асосий мақсади буюк аждодимиз асос солган Иккинчи Уйғониш даврининг миллий ва умуминсоний моҳияти, ёш авлодни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ташкилий-амалий, илмий ва маънавий-маърифий ишларни янги сифат босқичига кўтариш ҳисобланади.

Ушбу ҳужжатга кўра, жорий йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш, ҳар йили апрель ойини “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиш ва унинг доирасида умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар ва ҳарбий таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчилар ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, бадиий-маърифий тадбирлар уюштириш белгиланган.

Мазкур ҳужжат асосида Темурийлар даври тарихини тизимли ўрганиш ва илмий натижаларни кенг тарғиб этиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган “йўл харитаси” тасдиқланади.

Шу билан бирга, шу йил 9–10 апрель кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилади.

Амир Темур ва темурийлар даври тарихи билан боғлиқ туркум китоблар, илмий ва илмий-оммабоп асарлар тайёрланади ва нашр этилади.

 Қарорда шунингдек, “Тирик тарих” лойиҳаси асосида суратга олинган, Амир Темур салтанатининг Европа давлатлари билан дипломатик ва элчилик алоқалари ёритиб берилган тарихий-бадиий ва ҳужжатли фильмларни Испания, Франция, Буюк Британия каби хорижий мамлакатларда намойиш этиш, Темурийлар даври манбалари электрон платформасини яратиш кўзда тутилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш