Туркий дунё: муштарак тарихдан муштарак келажак сари

Октябрь 24, 2026. 15:30 • 12 дақ

• 103
Туркий дунё: муштарак тарихдан муштарак келажак сари

ИСТАНБУЛ, 24 октябрь. /“Дунё” АА/. Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) бош котиби сифатидаги ваколати якунига етаётган элчи Кубаничбек Омуралиев ТДТ фаолиятига бағишланган мақоласини “Дунё” ахборот агентлигига тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Халқлар ва давлатлар ҳаётида шундай муҳим паллалар бўладики, бундай пайтларда муштарак тарих шунчаки хотирага айланиб қолмай, балки, келажакни шакллантирувчи қудратли кучга айланади. Ишончим комилки, бугун Туркий дунё айнан шундай даврни бошдан кечирмоқда.

Шарқ ва Ғарбни боғловчи улкан географик ҳудудда жойлашган чуқур тарихий ва маданий ришталар билан боғланган Туркий дунё савдо-сотиқ, транспорт, инвестиция, таълим, технология ва халқаро ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётган қарийб 180 миллион аҳолини ўз атрофида бирлаштиради. Асрлар давомида муштарак тил, маданият, анъаналар ва жамоат хотираси асосида сақланиб келган қадриятлар бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) оиласи соябони остида институционал ва амалий шаклга кирмоқда.

Бу борадаги ўзгаришлар таҳсинга сазовор албатта. Гап шундаки, ТДТ ташкил этилган 2009 йилдан буён, асосан, сиёсий мулоқот ва маданий яқинликка ихтисослашган платформадан ҳар томонлама ривожланган ва амалий йўналишдаги ҳамкорлик механизмига айланиб улгурди.

Бош котиб сифатидаги ваколат муддатим якунига етаркан, мен буни шунчаки эришилган ютуқларни сарҳисоб қилиш палласи сифатида кўрмайман. Энг муҳими, бу бизнинг ҳамкорлигимизни нима ажратиб туриши, халқларимизга нима тақдим эта олиши ва келгуси ўн йилликларда қандай Туркий дунёни биргаликда барпо этишни хоҳлаётганимиз ҳақида мулоҳаза юритиш учун қулай имкониятдир.

 

Чуқур илдиз отган бирдамлик

ТДТ халқаро ташкилотлар орасида камдан-кам учрайдиган ўзига хос хусусиятга эга.

Халқаро институтлар кўпинча муайян сиёсий чақириқлар, иқтисодий заруратлар ёки хавфсизлик масалаларига жавобан ташкил этилади. ТДТнинг пойдевори эса бошқача. Бизнинг ҳамкорлигимиз ташкилотнинг ўзи тузилишидан анча олдин мавжуд бўлган омилларга, асрлар давомида шаклланган муштарак тарих, тил яқинлиги, умумий маданий анъаналар, қадриятлар ва ягона цивилизация маконига мансубликнинг теран туйғусига таянади. Муштарак тарих, тил, ўзига хослик ва маданият шунчаки ўтмишдаги хотиралар эмас. Улар мустаҳкам ва барқарор ҳамкорлик пойдевори бўлиб хизмат қиладиган ишонч заминини яратади.

Бундай табиий пойдеворга эга халқаро ташкилотлар жуда кам ёки мутлақо йўқ. Шунга қарамай, мероснинг ўзигина муштарак келажакни кафолатлай олмайди. Бизнинг авлодларимиз олдидаги масъулият, ушбу тарихий яқинлик ва муштаракликни XXI аср воқелиги, ҳамда, чақириқларига жавоб берадиган имкониятлар, ўзаро боғлиқлик ва ҳамкорликка айлантиришдан иборат.

Бу ғояни жуда яхши ифодаловчи содда бир ибора мавжуд: «Биз биргаликда янада кучлимиз!»

Эътиборлиси шундаки, бу сўзлар Туркий дунёнинг барча ҳудудларида деярли таржимага муҳтож бўлмаган ҳолда тушунилади, бу эса халқларимиз ўртасидаги чуқур лингвистик ва маданий ришталарни акс эттиради. Бугунги кунда «Биз биргаликда янада кучлимиз!» шунчаки бирдамлик ифодаси эмас, балки амалий ҳамкорликнинг йўналтирувчи тамойилидир.

 

Муштарак ўзига хосликдан институционал қудрат сари

Сўнги йиллардаги энг муҳим ўзгаришлардан бири бу табиий яқинликнинг босқичма-босқич институционал салоҳиятга айланганидир.

Бугунги кунда ТДТ ўз аъзо давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида салмоқли қадамлар ташлашда давом этмоқда. Ҳозирги вақтда ТДТ соябони остида иқтисодиёт, савдо, транспорт, божхона, энергетика, рақамлаштириш, саноат, фан ва технология, соғлиқни сақлаш, таълим, ёшлар, қишлоқ хўжалиги, меҳнат ва ижтимоий муҳофаза, интеллектуал мулк, космонавтика ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олган 65 та ҳамкорлик механизми мавжуд. Масалан, 2023 йилнинг ўзидаёқ 32 та янги механизм ташкил этилиб, бу 2022 йил охиригача яратилган жами механизмлар сонига тенгдир. Бу нафақат кун тартибимиз кенгайиб бораётганини, балки аъзо ва кузатувчи давлатларимизнинг муштарак устувор йўналишларни аниқ институционал ҳамкорликка айлантириш борасидаги қатъияти ортиб бораётганини ҳам яққол кўрсатади.

Рақамлардан кўра муҳимроқ бўлган яна бир жиҳат шуки, бу – биргаликда ишлаш услубимиздаги ўзгаришдир. Сиёсий маслаҳатлашувлар янада тез-тез ва мазмунли тус олмоқда жумладан; вазирликлар ва ихтисослашган муассасалар ўртасидаги алоқалар яқинлашди, биргаликда фикрлаш, режалаштириш ва ҳаракат қилиш қобилиятимиз кенгайди. Тараққиётимизнинг ушбу босқичини учта сўз билан таърифлаганда: амалга ошириш, трансформация ва институционал чуқурлашувдир.

Туркий ҳамкорлик ташкилотлари мувофиқлаштирувчи қўмитаси раиси сифатида ТДТ Туркий давлатлар парламент ассамблеяси, Халқаро туркий маданият ташкилоти, Туркий академия, Туркий маданият ва мерос жамғармаси, Туркий инвестиция фонди ҳамда Туркий савдо-саноат палаталари иттифоқи каби алоқадор ва тегишли ташкилотлар билан яқин ва тизимли ҳамкорликни давом эттирмоқда. Ушбу институтлар биргаликда кўп ўлчовли ҳамкорлик механизмига ўз ҳиссасини қўшиб, институционал ришталарни мустаҳкамлайди ва Туркий дунёдаги муштарак устувор вазифаларни илгари суради.

Туркий инвестиция фондининг ташкил этилиши ва фаолият бошлаши ушбу эволюциядаги муҳим босқич бўлди. Туркий давлатлар илк бор ўзларининг иқтисодий салоҳиятини сафарбар этиш, инвестиция ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнесни кучайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мўлжалланган қўшма молиявий муассасани барпо этдилар. Марказий банклар кенгаши, Туркий яшил молия кенгаши ва Туркий инвестицияларни рағбатлантириш тармоғи мазкур шаклланиб бораётган молиявий-инвестициявий архитектурани янада мустаҳкамлайди.

Шу билан бирга, фаолиятим давомида гувоҳи бўлганим энг руҳлантирувчи ўзгаришлардан бири бу ҳукумат ва расмий муассасалар доирасидан ташқарида, жумладан, хусусий сектор ва профессионал жамоалар ўртасида ҳамкорлик тармоқларининг пайдо бўлганидир.

Нотариуслар, аудиторлар, муҳандислар, касаба уюшмалари ва бошқа касб вакиллари кенг туркий мулоқот доирасида ўзаро алоқалар ўрнатиб, тармоқлар яратиб, ҳамкорликнинг институционал шаклларини ўрганмоқдалар. Ушбу кенгайиб бораётган ҳамкорлик транспорт, туризм ва гуманитар ҳамкорлик йўналишидаги манфаатдор томонларни бирлаштирувчи ТДТ Халқаро автомобиль транспорти ассоциациялари иттифоқи, Туркий тоғ-чанғи курортлари иттифоқи ва Туркий қизил яримой тармоғи каби ташаббусларда ҳам ўз аксини топмоқда. Бизнес ҳамжамиятлари, университетлар, ёшлар, экспертлар ва касбий уюшмалар ўзаро боғланиш учун ўз сабабларини ва тобора кўпроқ ўз усулларини топмоқдалар.

Одамлар ва касбий жамоалар ўз ташаббуслари билан алоқалар ўрната бошлаганида, ҳамкорлик институтлар доирасидан ташқарига чиқиб, янги ҳаётга эга бўлади ва бу албатта жамиятнинг ўзида илдиз отади.

Мен учун бу Туркий ҳамкорликнинг баркамоллик ортиб бораётганининг энг яққол белгиларидан биридир.

 

Шаклланиб бораётган иқтисодий ва стратегик макон

Туркий дунёнинг ортиб бораётган аҳамияти нафақат муштарак меросимиз, балки жамоавий иқтисодий ва стратегик салоҳиятимиз кўлами билан ҳам белгиланади. 2025 йил якунлари бўйича эълон қилинган кўрсаткичларга кўра, ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг умумий ЯИМи 2,4 триллион доллардан ошди, уларнинг умумий савдо айланмаси эса тахминан 1,27 триллион долларни ташкил этди.

Туркий давлатлар биргаликда дунёдаги 11- энг йирик иқтисодиёт ва учинчи йирик энергетика таъминотчисини ифодалайди. Нефть, табиий газ, кўмир ва ноёб муҳим минералларнинг, жумладан, глобал уран ишлаб чиқаришнинг 40 фоизидан ортиғининг салмоқли захираларига эга бўлган мамлакатларимиз муҳим энергетика салоҳиятига эга бўлиш билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга ҳам тобора кўпроқ инвестиция киритмоқда.

Глобал энергетика тизимларида талаб ошиб, тезкор ўзгаришлар юз бераётган бир пайтда биргаликда ҳаракат қилиш ихтиёрий танлов эмас, балки заруратдир. ТДТнинг сўнгги саммитлари барқарор таъминотни кафолатлаш, савдо ҳажмини ошириш ҳамда иқтисодий ва геосиёсий барқарорликни мустаҳкамлаш учун қувурлар, электр тармоқлари, сақлаш омборлари ва транспорт йўлакларини ўзаро боғлашга таянадиган энергетик хавфсизлик муҳимлигини алоҳида таъкидлайди.

Туркий давлатлар Жанубий газ коридори, Марказий Осиё – Озарбайжон яшил энергетика коридори, Қамбарота-1 гидроэлектрстанцияси ва Қора денгиз сувости кабели каби йирик инфратузилма лойиҳалари орқали минтақавий ва халқаро энергетик ўзаро боғлиқликни кучайтирмоқда. Ушбу ташаббуслар Туркий дунёнинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш, таъминот йўлакларини диверсификация қилиш ва қайта тикланувчи энергия бўйича ҳамкорликни илгари суришдаги роли ортиб бораётганини акс эттиради.

Айни пайтда «Туркий дунё нигоҳи - 2040» лойиҳаси ҳам муҳим стратегик асосни таъминлайди. У бизни иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга, ўзаро боғлиқликни яхшилашга, институтларни мустаҳкамлашга, билимга асосланган тармоқларга сармоя киритишга ҳамда барқарор ва инклюзив ўсишни рағбатлантиришга чақиради.

Эҳтимол, мантиқан энг яққол намоён бўладиган соҳа бу – ўзаро боғлиқликдир.

Транскаспий халқаро Шарқ-Ғарб ўрта йўлаги Осиё ва Европа ўртасида тобора муҳим боғловчи бўғинга айланиб бормоқда ва 2030-йилга келиб юк ташиш ҳажми 11 миллион тоннага етиши мумкин. Йиллик лойиҳавий қуввати 15 миллион тоннагача бўлган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли минтақавий ўзаро боғлиқликни янада мустаҳкамлайди ва Евроосиё бўйлаб савдо имкониятларини кенгайтиради.

Бироқ замонавий йўлак шунчаки темир йўл излари, автомобиль йўллари ва портлар эмас. Товарлар чегаралардан самарали ўтиши, ахборот ва ҳужжатлар улар билан бирга ҳаракатланиши керак.

ТДТ чегаралараро савдони осонлаштириш ва маъмурий тўсиқларни қисқартириш учун жисмоний инфратузилмани соддалаштирилган божхона йўлаги, е-рухсатнома (е-Permit), е-CMR ва рақамли ТИР каби божхона ва рақамли ечимлар билан бойитиб бормоқда. Рақамли иқтисодиёт бўйича шериклик битими ҳамда хизматлар ва инвестициялар соҳасида эркин савдо битимини тузиш борасидаги давом этаётган саъй-ҳаракатлар мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий интеграцияни янада кучайтиради.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, рақобат идоралари, молиявий разведка бўлинмалари, инвестицияларни рағбатлантириш агентликлари, олий аудит органлари ва солиқ идоралари ўртасида яқинда йўлга қўйилган ҳамкорликни ҳам олқишлаймиз. Ушбу шерикликлар институционал ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш билан бирга, Туркий дунёда иқтисодий бошқарувни ҳам яхшилайди албатта.

Рақамли иқтисодиёт эса ушбу кун тартибининг марказида қолмоқда. Рақамли савдо платформалари, ўзаро интеграциялашган электрон божхона тизимлари, финтех соҳасидаги ҳамкорлик, хавфсиз маълумотлар алмашинуви ва рақамли тартибга солиш бўйича умумий ёндашувлар иқтисодий муносабатларни янада самарали ва қулай қилишга қодир. Рақамли трансформация шунчаки техник масала эмас. У замонавий иқтисодий интеграциянинг асосларидан биридир.

Мақсад аниқ: ўзаро боғлиқликни ундан амалда фойдаланадиганлар учун янада самарали ишлашини таъминлаш.

Буларнинг барчаси инфратузилма самарали чегаралар билан мустаҳкамланган, савдо сармоя билан қўллаб-қувватланган ва айрим мамлакатларнинг устунликлари тобора муштарак имконият манбаларига айланадиган янада жипслашган туркий иқтисодий маконнинг босқичма-босқич шаклланиб борayotganидан далолат беради.

 

Янада жипслашган Туркий дунё сари

Ёш авлод учун Туркий дунё имкониятларнинг яшаш маконига айланиши керак. Туркий университетлар иттифоқи (ТУРКУНИБ) ва Орхун алмашинув дастури талабалар, академик ходимлар ва университетларни янада яқинлаштиришга ёрдам бермоқда. Ёшлар кўнгиллилар таълим дастури, кўп томонлама ёшлар алмашинуви дастури ва халқаро ёшлар лагери каби ёшлар ташаббуслари Туркий дунё бўйлаб ёшлар ўртасида халқлараро алоқаларни, ўзаро тушунишни ва муштарак ўзига хослик туйғусини янада рағбатлантиради. Шу билан бирга, Туркий шахсий гувоҳнома (Турк ID) ва умумий музей картаси каби муҳокама қилинаётган ташаббуслар саёҳат қилиш ҳамда муштарак маданий меросимиздан фойдаланишни осонлаштиришга қаратилган.

Транспорт йўлаги эса бизнес уни ишга солганда янада қимматлироқ бўлади. Бизнес ҳамкорлик инвестициялар билан қўллаб-қувватланганда мустаҳкамланади. Инвестициялар технология ва инсон капитали билан боғланганда янада самаралироқдир. Буларнинг барчаси жамиятимиз жараёнда иштирок этганда ҳамда ундан манфаат кўрганда янада барқарор тус олади.

Шу боисдан ТДТнинг келажаги шунчаки ҳамкорлик соҳаларини кенгайтиришда эмас, балки мавжуд механизмларни имкониятларнинг янада яхлит маконига бирлаштиришда ётади.

Бизнинг кучимиз айнан глобал дунёга очиқ қолган ҳолда ўзимизнинг ноёб пойдеворимизга таянишимиздадир.

Узоқ муддатли йўналишимиз «Туркий дунё нигоҳи - 2040»да белгилаб қўйилган. Давлатларимизнинг суверенитети ва миллий устувор вазифаларини тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда амалга ошириладиган чуқурроқ ўзаро боғлиқлик ва интеграция иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва соғлиқни сақлаш хавфсизлиги, фавқулодда вазиятлар ҳамда бошқа чегаралараро муаммоларни ҳал этишдаги умумий салоҳиятимизни кучайтириши лозим.

Дунёга очиқ Туркий дунё

Янада кучли Туркий дунё, шунингдек, дунёга кўпроқ очиқ бўлган ва ташқи оламга интиладиган Туркий дунёни англатиши керак.

Географиямиз эса бу борада бизга табиий рол беради. Асрлар давомида Туркий дунё ерлари Евроосиё бўйлаб халқлар, маданиятлар, бозорлар ва ғояларни боғлаб келган. Бугунги кунда биз ушбу тарихий ролга замонавий маъно бағишлаш имкониятига эгамиз.

Транспорт алоқаларини яхшилаш, савдони осонлаштириш, энергетика тармоқларини бирлаштириш, инновацияларни рағбатлантириш ва жамиятлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш орқали Туркий давлатлар нафақат ўзларининг фаровонлигига, балки кенгроқ Евроосиё минтақасида ўзаро боғлиқлик ва ҳамкорликни кучайтиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

Бу ёндашув ТДТнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими ва бошқа халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар билан кенгайиб бораётган ҳамкорлигида, шунингдек, ташкилотдан ташқаридаги мамлакатлар ва ҳамкорлар билан бирга ҳаракат қилиш учун мослашувчан платформани тақдим этувчи ТДТ+ форматини ривожлантиришда ўз аксини топган. Бизнинг мақсадимиз – тинчлик, барқарорлик, ўзаро боғлиқлик, барқарор тараққиёт ва мулоқотга хизмат қилувчи ўзаро манфаатли, амалий шериклик алоқаларини ривожлантиришдир.

Бизнинг вазифамиз Туркий дунё атрофида деворлар қуриш эмас, балки уни кенг дунё билан боғлайдиган кўприклар барпо этишдан иборат.

Ички жиҳатдан янада жипслашган Туркий дунё янада очиқ, долзарб ҳамда ўз чегараларидан ташқарида мулоқот, тараққиёт ва муштарак фаровонликка ўз ҳиссасини қўшишга қодир бўла олади.

 

Олдиндаги йўл

Ўтган йиллар давомида мен Туркий дунёнинг тобора хилма-хил ва яққол сезилиб бораётган усуллар билан янада яқинлашиб бораётганининг гувоҳи бўлиш, ҳамда унга ўзининг камтарона ҳиссасини қўшиш шарафига муяссар бўлдим.

Шунга қарамай, бу йиллардан чиқариб олган энг муҳим хулосам шуки, биз ҳали ҳам барча имкониятларнинг бошланғич босқичидамиз холос.

Пойдевор эса қўйилди. Аъзо давлатларимизнинг интилиши қатъий. Институционал архитектура кенгайди. Жамоавий иқтисодий ва стратегик салоҳиятимиз эътироф этилмоқда ва жамиятларимизнинг ўзи ҳам бир-бири билан боғланишнинг янги йўлларини кашф этмоқда.

Туркиянинг раислиги бошланишини белгилаб берувчи «Туркий аср: тил, фикр ва амалда бирлик» мавзусида Анқара шаҳрида бўлиб ўтадиган 13-ТДТ саммити ушбу суръатни умумий ишларимизнинг навбатдаги босқичига олиб чиқиш учун муҳим имконият тақдим этади.

Келажагимизга назар ташлар эканмиз, ҳамкорлигимиз муваффақияти фақатгина биз имзолайдиган битимлар ёки тузадиган механизмлар билан эмас, балки, халқларимизга тақдим этаётган амалий манфаатларимиз билан ўлчаниши керак. Бизнинг устувор вазифамиз жамоавий интилишларимизни келгуси авлодлар учун мазмунли имкониятлар ва барқарор тараққиётга айлантириш бўлиб қолиши лозим.

Аъзо ва кузатувчи давлатларимиз раҳбарларига юксак узоқни кўра олиш қобилияти ва қатъий қўллаб-қувватлаганлари учун шунингдек, ҳукуматларимизга, муассасаларимизга, доимий вакилларимизга, экспертларимизга ва ТДТ Котибиятидаги ҳамкасбларимга ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Уларнинг фидойилиги, профессионаллиги ва муштарак интилиши жамоавий тараққиётимизнинг ҳар бир қадами учун муҳим аҳамият касб этди.

Бош котиб сифатида ушбу йўлга ўз ҳиссамни қўшиш улкан шараф бўлди.

Бош котиб сифатидаги ваколат муддатим якунига етаётган бўлса-да, Туркий дунёнинг бирдамлиги, ҳамкорлиги ва фаровонлигига бўлган садоқатимиз ўзгармасдан қолади. Мен ҳар доим бу муштарак эзгу ишга ўз ҳиссамни қўшганимдан фахрланаман ва келажагимизнинг фавқулодда улкан салоҳиятига ишонишда давом этаман.

Туркий дунё ўз сафарини яқинликдан ўзаро боғлиқликка, салоҳиятдан имкониятга ва ҳамкорликдан халқи учун аниқ наф келтириш сари давом эттириши шарт.

Аждодларимиз бизга муштарак мерос қолдирдилар. Келажак авлодларга қолдирадиганимиз шунчаки ўша мерос хотираси бўлиб қолмаслиги керак.

У унинг асосида барпо этилган муштарак келажак бўлиши шарт.

Тилларимиз ва географиямиз бўйлаб қуйидаги эзгу ғоя доимо янграб туриши лозим:

«Биз биргаликда янада кучлимиз!»

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш