Покистоннинг машҳур телеканалида Имом ал-Бухорий мажмуаси ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди

Октябрь 24, 2026. 16:30 • 2 дақ

• 11
Покистоннинг машҳур телеканалида Имом ал-Бухорий мажмуаси ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди
Покистоннинг машҳур телеканалида Имом ал-Бухорий мажмуаси ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди
Покистоннинг машҳур телеканалида Имом ал-Бухорий мажмуаси ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди
Покистоннинг машҳур телеканалида Имом ал-Бухорий мажмуаси ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди

ИСЛОМОБОД, 24 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг машҳур “Discover Pakistan” телеканалида буюк муҳаддис, ислом оламининг кўзга кўринган олимларидан бири Имом ал-Бухорийнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий меросига бағишланган ҳужжатли фильм эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Махсус кўрсатув телеканал ижодий гуруҳининг Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси кўмагида мамлакатимизга қилган сафари чоғида суратга олинган. Фильмда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқанд вилоятидаги Имом ал-Бухорий мажмуасининг архитектура қиёфаси тубдан янгилангани қайд этилган. Шунингдек, мажмуанинг ўзига хос маънавий муҳити ва ушбу муқаддас қадамжонинг мусулмонлар ҳаётидаги ўрни ҳақида сўз юритилган.

Томошабинларга Ўзбекистонда буюк мутафаккирларнинг илмий меросини ўрганиш ва оммалаштириш, тарихий-маданий ёдгорликларни сақлаш, муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш ва зиёрат туризмини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек ўқинг

Кўрсатув муҳаррирининг сўзларига кўра, Имом ал-Бухорий нафақат ўзбек халқи, балки бутун мусулмон уммати учун улкан маънавий аҳамиятга эга мерос қолдирган. “У ҳадис илми тараққиётига беқиёс ҳисса қўшди ва ислом оламида юксак эътирофга сазовор бўлган “Ал-Жоми ас-саҳиҳ” асарини яратди. Асрлар давомида ушбу китоб мусулмонлар томонидан энг муҳим диний-маърифий манбалардан бири сифатида қадрланиб келинмоқда”, — деди журналист.

Фильмда мажмуа шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки ислом цивилизациясининг бой илмий ва маънавий анъаналарини ўзида мужассам этган ҳамда турли мамлакатлардан келган зиёратчиларни бирлаштирадиган муқаддас маскан сифатида таърифланган. Мажмуанинг замонавий архитектура ечими, ободонлаштирилган ҳудуди ва зиёратчилар учун яратилган шароитлар Ўзбекистоннинг тарихий меросга бўлган эътиборини акс эттириши таъкидланган.

“Discover Pakistan” телеканалида намойиш этилган ҳужжатли фильм халқаро аудиторияга Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, унинг муқаддас қадамжолари ва жаҳон цивилизацияси, хусусан, ислом илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот етказишга ёрдам беради. Бу, шунингдек, Покистон аҳолиси ўртасида Ўзбекистонга зиёрат туризмини тарғиб қилишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш