Дональд Трамп маъмурияти 175 мингдан ортиқ визани бекор қилди

Август 11, 2026. 16:00 • 2 дақ

63
Дональд Трамп маъмурияти 175 мингдан ортиқ визани бекор қилди
“Reuters» агентлиги сурати

ВАШИНГТОН, 11 август. /“Дунё” АА/. АҚШ Давлат департаменти Президент Дональд Трамп маъмурияти даврида хориж фуқароларининг 175 мингдан ортиқ визаси бекор қилинганини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлат департаменти томонидан кеча эълон қилинган ахборот маълумотномасига кўра, ҳолатларнинг аксарияти жиноий фаолият бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан тўқнашувлар туфайли содир бўлган. Визаларни бекор қилишнинг асосий сабаблари орасида виза режимини бузиш, фирибгарлик, зўравонликка чақириқлар ва департамент томонидан миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳоланган бошқа ҳаракатлар ҳам қайд этилган.

Визаларни бекор қилиш кўлами Дональд Трамп маъмуриятининг ўтган йили Оқ уйга қайтганидан кейин бошланган кенг кўламли иммиграция кампаниясининг бир қисмига айланди. Ушбу сиёсат доирасида АҚШдан мисли кўрилмаган даражада кўп мигрантлар, шу жумладан, амалдаги визага эга бўлган айрим шахслар депортация қилинди.

Давлат департаментининг маълум қилишича, визаларни бекор қилиш уларнинг эгаларини доимий текшириб бориш жараёни доирасида амалга оширилмоқда. Идора томонидан таъкидланганидек, бундай текширувлар хориж фуқароларининг ўз визалари шартларига риоя қилишлари ва америкаликлар учун хавф туғдирмасликларини таъминлашга қаратилган.

Визаларни бекор қилиш учун энг кўп тарқалган асослар сифатида идора томонидан тан жароҳати етказиш, маст ҳолда автомобиль бошқариш, ўғрилик ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар бўйича айбловлар келтирилган.

Алоҳида мисоллар сифатида Давлат департаменти томонидан номусга тегиш ва жинсий зўравонлик, одам ўғирлаш ва одам савдоси, шунингдек, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материалларини сақлашда айбланган хориж фуқаролари билан боғлиқ ҳолатлар (ўндан ортиқ эпизодлар бўйича) келтирилган.

Давлат департаменти маъмурият АҚШ хавфсизлигига таҳдид солади деб ҳисоблайдиган хориж фуқаролари билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ва суриштирув ўтказишни давом эттиришини билдирди.

“Америка визаси — бу имтиёз, ҳуқуқ эмас”, — деб таъкидланади идора хабарида ва ушбу имтиёздан суиистеъмол қилаётганларнинг визаларини бекор қилиш учун мавжуд ваколатлардан бундан буён ҳам фойдаланишини қўшимча қилинади.

Январь ойида Давлат департаменти 100 мингдан ортиқ виза бекор қилинганини маълум қилган эди, бу ўша пайтда рекорд кўрсаткичга айланган эди. Бир вақтнинг ўзида АҚШ маъмурияти ижтимоий тармоқларни текширишни кенгайтириш ва саралаш процедураларини кучайтириш орқали виза бериш қоидаларини мураккаблаштирди.

 “Reuters» агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш