Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги савдо-иқтисодий ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Август 11, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 56
МИНСК, 11 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Нуриддин Мамажонов Беларусь Миллий мажлиси Вакиллар палатаси раиси Игорь Сергеенко билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон-Беларусь савдо-иқтисодий алоқалар, “Витебск – Андижон” мисолида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, бошқа вилоятларнинг ўзаро ҳаракатлар режаларини ҳамда саноат кооперацияси лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш имкониятларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Игорь Сергеенко Витебск областида меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ҳамда қўшма лойиҳаларнинг сифатли ижросини таъминлаш масалаларида ҳар қандай зарур кўмакни беришга тайёрлигини билдирди.
Вакиллар палатаси раисининг сўзларига кўра, савдо-иқтисодий соҳада белгиланган стратегик мақсадларга, жумладан, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш, саноат кооперацияси ва ўзаро боғлиқликни кучайтиришга ҳудудлараро алоқалар билан бир қаторда, МДҲ доирасидаги иқтисодий механизмлардан кенг фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада у Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги эркин савдо тўғрисидаги келишувга қўшилганини юқори баҳолади ва олқишлади.
Бундан ташқари, мулоқот чоғида маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ҳам фойдаланилмаган кенг имкониятлар мавжудлиги эътироф этилди. Ушбу йўналишда бир қатор қўшма тадбирларни, хусусан, маданият кунлари, туристик форумлар ҳамда тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси