“Al Diplomasy”: Ўзбекистон–Миср ўртасидаги дипломатик муносабатларида қандай янги иқтисодий имкониятлар яратилмоқда?

Ноябрь 27, 2026. 16:00 • 2 дақ

• 101
“Al Diplomasy”: Ўзбекистон–Миср ўртасидаги дипломатик муносабатларида қандай янги иқтисодий имкониятлар яратилмоқда?

ҚОҲИРА, 27 ноябрь. /“Дунё” АА/. Нуфузли “Al Diplomasy” нашрида араб ва инглиз тилларида Ўзбекистон–Миср муносабатларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақола муаллифи Қоҳира ва Тошкент ўртасидаги дипломатик алоқалар ҳақида фикр билдириб, икки томонлама иқтисодий шериклик муносабатларига алоҳида тўхталиб ўтган.

Қайд этилишича, икки давлат ўртасидаги муносабатлар Миср етакчиси Абдулфаттоҳ ас-Сисининг 2018 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга ташрифидан сўнг янги босқичга кўтарилган. 2023 йил февраль ойида Президент Шавкат Мирзиёев Қоҳирага ташриф буюриб, икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга келишиб олган.

Нашрда ёзилишича, 2025 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 47 миллион доллардан ошган, йил давомида Миср идоралари билан 30 дан ортиқ учрашув ўтказилган. Шу билан бирга, Ҳукуматлараро комиссия 2009 йилги йиғилишдан буён давом этган қарийб 15 йиллик танаффусдан сўнг, 2024 йил декабрь ойида ўз фаолиятини қайта тиклаган.

Муаллифнинг таъкидлашича, Миср Сувайш канали, Ўрта ер ва Қизил денгиз портлари, Сувайш канали иқтисодий ҳудуди ҳамда араб ва Африка мамлакатлари билан алоқаларга эга.

Шунингдек ўқинг

Мақолада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг шу йил июнь ойида Қоҳирага сафари ҳамда унинг ТИВ раҳбари Бадр Абдул Атти ва Бош вазир Мустафо Мадбулий билан музокаралари хусусида маълумот берилган.

Ушбу учрашувларда ташқи сиёсат идораларининг 2026–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ҳамда Миср дори воситаларини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш масалалари муҳокама қилинган. Октябрь ойида сув тадқиқотлари соҳасидаги ҳамкорлик меморандуми ҳам кўриб чиқилган.

Материалда Қоҳира ва Тошкент ўртасидаги муносабатларга тўсиқ бўлаётган омиллар қаторида комиссия фаолиятидаги танаффус, имтиёзли савдо тўғрисидаги битимнинг йўқлиги, чекланган логистика, бизнеснинг суст иштироки ҳамда эришилган келишувлар ва уларнинг ижроси ўртасидаги тафовут санаб ўтилган.

Шунингдек, қўшма ишбилармонлар кенгашини тузиш, Қоҳира ёки Тошкентда инвестиция форумини ўтказиш, Сувайш канали иқтисодий ҳудудида Ўзбекистон савдо ёки саноат зонаси ҳамда Тошкентда Миср савдо марказини очиш масалаларини ўрганиш каби ташаббуслар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш