Бахтиёр Саидов: Данияни Европадаги истиқболли ҳамкорлардан бири сифатида кўрамиз
Ноябрь 27, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 33
ТОШКЕНТ, 27 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Даниянинг мамлакатимиздаги янги элчиси Ларс Туесендан ишонч ёрлиқларини қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Даниянинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган жаноб Ларс Туесендан ишонч ёрлиқларини қабул қилишдан мамнунмиз, – деб ёзди Бахтиёр Саидов ўзининг telegram-каналида. – Данияни Европадаги истиқболли ҳамкорларимиздан бири сифатида кўрамиз. Жорий йил октябрь ойида Дания ташқи ишлар вазири жаноб Ларс Лёкке Расмуссеннинг Ўзбекистонга ташрифи икки томонлама муносабатларимизда янги босқични бошлаб берди.
Суҳбатимиз давомида сиёсий мулоқотни изчил давом эттириш, ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш, кўплаб соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратдик.
Ўзбекистон–Дания муносабатларида мавжуд салоҳиятни тўлиқ рўёбга чиқариш йўлида элчи жанобларининг саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”.
Ўзбекистон ва Дания ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 25 январда ўрнатилган.
Элчи Ларс Туесен 2025 йилнинг август ойидан буён Даниянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида аккредитациядан ўтган Йеспер Варнинг ўрнини эгаллади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси