Александр Огородников: Беларусь ва Ўзбекистон муносабатлари стратегик тус олмоқда
Июль 09, 2026. 08:10 • 5 дақ
• 15
ТОШКЕНТ, 9 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8 июль куни Минск шаҳрига бошланган расмий ташрифи арафасида Беларусь элчиси Александр Огородников “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью берди.
– Жаноб элчи, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорлик барқарор ижобий суръатни намоён этмоқда. Бугунги кунда икки томонлама муносабатларда эришилаётган ютуқлар ҳақида фикр-мулоҳазаларингизни билдиришингизни сўраймиз?
– Сўзимни тарихдан бошласам. Беларусь Республикаси биринчилардан бўлиб 1993 йилда Ўзбекистон Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатган. Бугун ҳамкорлигимиз қай даражага кўтарилганини кўриб турибмиз. Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг илк расмий хорижий ташрифи айнан Ўзбекистонга бўлгани рамзий маънога эга.
Икки томонлама муносабатлар 2018–2019 йиллардан бошлаб алоҳида аҳамият касб этди. Буни рақамлар яққол кўрсатиб турибди: сўнгги ўн йил ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 13 баробардан зиёд ошди. Бундай кўрсаткичларни саноқли давлатларгина намойиш эта олади. Эътиборлиси, ўсиш суръати давом этмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, товар айирбошлашнинг изчиллик моҳияти сақланиб қолмоқда, хизмат кўрсатиш соҳаси ҳам ривожланмоқда.
Биз Ўзбекистон Президентининг Беларусга ташрифи арафасида суҳбатлашиб турибмиз. Эслатиб ўтаман, 2024 йилда Президент Александр Лукашенко давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган эди. 2026 йилнинг биринчи ярми ҳам воқеаларга жуда бой бўлди: Беларусь Бош вазирининг расмий ташрифи, унинг Тошкент халқаро инвестиция форумидаги иштироки, Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда Бош вазир ўринбосарларининг соҳавий йўналишлар бўйича фаол мулоқотлари бўлиб ўтди. Тошкентда ўтказилган “Иннопром” юбилей кўргазмасини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Парламентлараро ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда: Миллий Мажлис ва Олий Мажлис юқори ва қуйи палаталари ўртасида мунтазам алоқалар ўрнатилган.
Бундай даражадаги ҳамкорлик негизида янги ташаббуслар пайдо бўлаяпти. Ташриф арафасида учинчи Беларусь–Ўзбекистон ҳудудлараро форуми ўтказилди. Бу формат ўзининг самарадорлигини тўла исботлади, ҳудудлар эса унинг иқтисодий аҳамиятига ишонч ҳосил қилди.
Шу билан бирга, шериклик анъанавий бизнес-форумлар доирасидан анча илгарилаб кетди. Бугунги кунда тиббиёт, туризм, таълим, спорт ва бошқа кўплаб йўналишлар муваффақиятли ривожланмоқда. Аслини олганда, бугун Беларусь ва Ўзбекистон серқирра ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор бўлмаган соҳанинг ўзи йўқ.
– Ўзбекистон ва Беларусь етакчилари ўртасида фаол сиёсий мулоқот йўлга қўйилган. Бугун олий ва юқори даражадаги Ўзбекистон–Беларусь музокаралари кун тартибида қандай асосий масалалар турибди?
– Беларусь–Ўзбекистон муносабатларининг бунчалик муваффақиятли ривожланишига давлат раҳбарлари ўртасидаги ишонч ва дўстлик ришталари локомотив бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Уларни нафақат давлат раҳбарлари сифатидаги конструктив ҳамкорлик, балки самимий шахсий ҳурмат ҳам боғлаб туради. Айнан улар ўз мисолида ҳамкорликни барча йўналишларда изчил ривожлантириш нақадар муҳим эканини кўрсатиб бермоқда.
Яқин истиқболлар ҳақида гапирадиган бўлсак, кичик бир анонс қилишим мумкин. Моҳиятан, муносабатларимиз аллақачон стратегик тус олган. Ўтган йили Беларусь ва Ўзбекистон Президентлари томонидан қўйилган ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифаси деярли бажарилди. Бу маррага жуда оз қолди ва ишончим комилки, жорий йил унга эришилади. Шундан сўнг, албатта, янги, янада улуғвор мақсад қўйилади.
Уни амалга ошириш учун 2026–2030 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик “Йўл харитаси” асос бўлади. 2024–2025 йилларга мўлжалланган аввалги “Йўл харитаси” икки давлатнинг шерикликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли муваффақиятли амалга оширилди. Янги ҳужжат иқтисодиёт ва саноат кооперациясидан тортиб гуманитар соҳагача бўлган ўзаро алоқаларнинг деярли барча йўналишларини қамраб олади ва узоқроқ муддатга мўлжалланган.
Бўлажак мулоқотларнинг асосий мақсади кутаётганимиздек, стратегик шериклик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши бўлади. Аслини олганда, ушбу ҳужжат амалда шаклланиб улгурган ҳолатни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди. Бугунги кунда мамлакатларимиз Бош вазирлари ҳам, Бош вазир ўринбосарлари ҳам Беларусь–Ўзбекистон муносабатларини стратегик шериклик деб аташмоқда. Энди бу мақом расмий ҳуқуқий кучга ҳам эга бўлади.
– Сизнингча, яқин беш-ўн йил ичида Ўзбекистон–Беларусь ҳамкорлигининг қайси йўналишлари ҳал қилувчи аҳамият касб этади ва давлатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг келгуси ривожини қандай тасаввур қиласиз?
– Ҳамкорликнинг анъанавий йўналишларини такрорлаб ўтирмай, яқин йилларда тобора муҳим аҳамият касб этадиган учта истиқболли соҳани алоҳида таъкидлаган бўлардим.
Биринчиси – логистика. Дунёдаги сўнгги воқеалар одатий транспорт йўналишлари қанчалик тез ўзгариши мумкинлигини кўрсатди. Денгизга чиқиш имконияти бўлмаса-да, Беларусь ҳам, Ўзбекистон ҳам халқаро транспорт йўлакларида муҳим ўрин эгаллайди. Шу боис логистика инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий хаблар ва тақсимот марказларини ташкил этиш ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишларидан бирига айланади.
Иккинчиси – энергетика. Ўзбекистон атом энергетикасини фаол ривожлантирмоқда, Беларусь эса атом электр станциясини қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича амалий тажрибага эга. Биз ушбу тажриба билан ўртоқлашишга тайёрмиз. Бундан ташқари, анъанавий энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам ривожлантирилади, зеро ишончли энергия таъминоти саноат ва умуман иқтисодиёт ўсишининг асосидир.
Учинчи йўналиш – ахборот технологиялари. Бугунги кунда АКТ жаҳон иқтисодиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланмоқда. Беларусь кучли дастурий таъминот яратиш мактабига ва юқори технологиялар паркини ривожлантириш бўйича муваффақиятли тажрибага эга. Ўзбекистонда ҳам рақамли соҳани ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилмоқда. Мутахассисларимиз салоҳиятини бирлаштириш нафақат ички бозорда, балки бошқа мамлакатларда ҳам харидоргир бўлган рақобатбардош қўшма маҳсулотларни яратиш имконини беради.
Фикримча, айнан логистика, энергетика ва АКТ яқин йилларда Беларусь–Ўзбекистон ҳамкорлигининг энг истиқболли йўналишларидан бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси