Исроил телевидениесида V Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишланган махсус дастур намойиш этилди
Июль 08, 2026. 21:30 • 2 дақ
• 63
ТЕЛЬ-АВИВ, 8 июль. /“Дунё” АА/. Исроилнинг нуфузли “14 канал” мухбири томонидан V Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишлаб тайёрланган махсус кўрсатув эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу дастурда Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги ҳамкорликнинг кенгайиб бораётгани ҳақида алоҳида сўз юритилган. Кўрсатувда асосий эътибор Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бўлиб ўтган тадбирларга қаратилган.
Муаллифнинг таъкидлашича, ушбу форум Ўзбекистоннинг халқаро инвестициялар учун тобора жозибадор мамлакатга айланаётганини яна бир бор намоён этди.
Телеканал маълумотига кўра, жорий йилги форумда 100 дан ортиқ давлатдан 8 мингдан зиёд иштирокчи қатнашган. Форумда умумий активлари 42 триллион доллардан ортиқ бўлган минглаб компания вакиллари иштирок этган. Ушбу кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг халқаро бизнес ҳамжамияти учун муҳим инвестиция майдонига айланаётганидан далолат бермоқда.
Кўрсатувда Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни изчил амалга ошираётгани, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва инвестиция муҳитини яхшилаш орқали иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштираётгани маълум қилинган. Ўзбекистон хорижий сармояларни, жумладан, Исроил инвестицияларини жалб қилишга катта қизиқиш билдирмоқда.
Дастурда иқтисодий ҳамкорлик билан бир қаторда туризм соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Томошабинларга Тошкент ва Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси, Буюк ипак йўли цивилизациясидаги ўрни ҳамда Бухоро яҳудийлари мероси ҳақида маълумот берилган.
Ўзбек миллий таомлари – палов, шўрва, манти ва маҳаллий мевалар мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятининг муҳим қисми сифатида намойиш этилди. Шу билан бирга, кўрсатув давомида Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги авиатранспорт алоқалари ривожланаётгани қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси