Алпар Като: Янги Ўзбекистондаги энг муҳим ўзгариш – одамлар дунёқарашининг янгиланганидир

Август 10, 2026. 17:00 • 4 дақ

153
Алпар Като: Янги Ўзбекистондаги энг муҳим ўзгариш – одамлар дунёқарашининг янгиланганидир

БУДАПЕШТ, 10 август. /“Дунё” АА/. Венгриянинг “Daily News Hungary” ва “Helló Magyar” медиа-ресурслари бош директори Алпар Като “Дунё” ААга берган интервьюсида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг 10 йиллик натижалари, икки томонлама муносабатлар ва истиқболдаги устувор йўналишлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Сўнгги ўн йилликда Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларини қандай баҳолайсиз?

– Медиа-ресурс раҳбари сифатида айтишим мумкин бўлган энг муҳим ютуқлардан бири – Ўзбекистоннинг дунё учун анча очиқ мамлакатга айланганидир. Республика халқаро майдонда сезиларли даражада намоён бўлди. Иқтисодиётни либераллаштириш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича фаол сиёсат мамлакатнинг хориждаги қиёфасини тубдан ўзгартирди.

Балки энг муҳим ўзгариш бу – одамлар ва давлатнинг дунёқараши ўзгарганидир. Ўзбекистон ўзини ҳамкорликка интиладиган, рақобатлашишга ва инвестицияларни жалб қилишга тайёр бўлган фаол субъект сифатида намоён этмоқда. Бу иқтисодиёт, туризм, таълим ва маданий-гуманитар алоқалар учун янги имкониятлар очмоқда.

– Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ҳамкорликнинг қайси натижаларини энг муваффақиятли деб ҳисоблайсиз?

– Венгрияда Ўзбекистоннинг танилувчанлиги ортиб бораётганини жуда ижобий ҳодиса деб биламан. “Daily News Hungary” ва “Helló Magyar” нашрларида биз мамлакатдаги иқтисодий ўзгаришлар, туризм ва дипломатия масалаларини мунтазам ёритиб бормоқдамиз.

Венгрия компаниялари, хусусан, OTP Group ва Ипотека-банк билан боғлиқ сўнгги жараёнлар икки томонлама алоқалар аниқ иқтисодий натижалар бераётганини кўрсатади. Келгусида ОАВ соҳасидаги ҳамкорлик, журналистлар алмашинуви ва туризмни илгари суриш бўйича алоқаларни янада кенгайтиришни қўллаб-қувватлаймиз. “Daily News Hungary” ва “Helló Magyar” нашрлари ўзбек компанияларига Европа бозорида ўз манфаатларини илгари суришда ахборот жиҳатидан кўмаклашишга тайёр.

– Мамлакатдаги очиқлик ва инвестициявий муҳитнинг яхшиланиши халқаро ҳамжамият ва инвесторлар ишончига қандай таъсир кўрсатди?

– Ўзгаришлар аниқ ва яққол кўриниб турибди. Бугунги кунда халқаро инвесторлар Ўзбекистонга ўн йил олдингидан мутлақо бошқача назар билан қарамоқда. Валюта ва савдо тартиб-қоидаларининг либераллаштирилиши, хусусий секторнинг кенгайиши иқтисодий модернизациянинг жиддийлигидан далолат беради.

OTP Groupнинг Ипотека-банк билан боғлиқ муваффақияти Венгрия учун ажойиб реклама бўлди. Венгриянинг энг йирик компанияларидан бири Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритаётгани бошқа венгриялик инвесторларга ҳам ишонч бағишлайди.

Шунингдек ўқинг

– Келгуси йилларда барқарор ривожланиш, “яшил” иқтисодиёт ва таълим соҳаларида қандай имкониятларни кўрмоқдасиз?

– Сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ хўжалиги, қайта тикланувчи энергетика, рақамлаштириш ва олий таълим соҳаларида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мумкин.

Айниқса, таълим соҳаси муҳим аҳамиятга эга, чунки университетлар ўртасидаги ҳамкорлик ўнлаб йиллар давомида сақланиб қолувчи мустаҳкам алоқаларни яратади. Венгрия ва Ўзбекистон ўртасидаги стипендия дастурлари қўшма тадқиқотлар ва талабалар алмашинуви учун жуда яхши пойдевордир. Инсон капиталига киритилган инвестициялар инфратузилмага киритилган сармоядан ҳам кўпроқ фойда келтириши мумкин.

– Ўзбекистоннинг қайси минтақавий ташаббуслари энг муҳим глобал ва минтақавий аҳамиятга эга деб ҳисоблайсиз?

– Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон ташаббуслари узоқ муддатли таъсирга эга. Минтақада транспорт боғлиқлиги, сув ресурслари ва энергетика хавфсизлиги каби масалаларни якка ҳолда ҳал қилиб бўлмайди.

Транспорт соҳасига тўхталсак, “Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон” темир йўли лойиҳаси мамлакатнинг денгизга чиқиши учун ҳақиқий муваффақият омили бўлиши мумкин. Шунингдек, автомобилъ йўллари инфратузилмасини ривожлантириш ҳам жуда муҳим. Автомагистраллар пайдо бўлган жойда саноат ва логистика тезроқ ривожланади.

 – Келгуси ўн йилликда Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши учун қайси йўналишлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади?

– Мен учта асосий йўналишни ажратиб кўрсатган бўлар эдим, хусусий секторни янада мустаҳкамлаш ва рақобатбардош ишбилармонлик муҳитини яратишб иқтисодий ўсиш билим ва маҳсулдорликка асосланиши учун таълим, технология ва инновацияларга кенг кўламли сармоя киритиш, экологик муаммоларни ҳал этиш, айниқса, сув ресурсларини бошқариш ва “яшил” энергетикага ўтиш.

Ушбу устувор йўналишлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш