Хивада ўтказилган “Қовун сайли – 2026” халқаро фестивали Гиннесснинг рекордлар китобига кирди

Август 10, 2026. 19:30 • 2 дақ

72

ХИВА, 10 август. /“Дунё” АА/. Қадимий Хивада Хоразм вилоятининг миллий анъаналари, гастрономияси, маданияти ва сайёҳлик салоҳиятини ўзида мужассам этган “Қовун сайли – 2026” халқаро фестивали бўлиб ўтди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилди. Фестиваль 7–9 август кунлари Ичан қалъа ва “Arda Khiva” сайёҳлик мажмуасида бўлиб ўтди.

Меҳмонларга Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келтирилган 250 хил қовун нави ҳамда улар асосида тайёрланган 200 дан ортиқ маҳсулот намойиш этилди.

Тадбир дастуридан дегустациялар, миллий таомлар, халқ ҳунармандчилиги намуналари, фольклор ва театрлаштирилган томошалар, маҳорат дарслари ҳамда концерт дастурлари ўрин олди.

Сайлга маҳаллий ва хорижий сайёҳлар катта қизиқиш билдирди. Фестиваль доирасида Хивага 186 минг киши, жумладан, 36 минг хорижлик ҳамда 150 минг маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди.

Хорижликлар, сайёҳлик соҳаси ва дипломатик корпус вакилларининг иштироки “Қовун сайли – 2026”нинг халқаро миқёсда эканини яққол кўрсатди. Фестивалнинг ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ичан қалъа ҳудудида ўтказилгани меҳмонларга Хоразмнинг маданий, гастрономик ва қишлоқ хўжалиги меросини намойиш этиш имконини берди.

Шунингдек ўқинг

Фестивалнинг фаол иштирокчиларини тақдирлаш маросими алоҳида ўрин тутди. Унда Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов иштирок этди.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Хива фестивалнинг Гран-присига сазовор бўлди ва “BYD Champion” электромобили билан тақдирланди. Биринчи ўринни эгаллаган Янгиариқ туманига “Onix”, иккинчи ўринни олган Хоразм вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармасига “Cobalt” автомобили топширилди. Учинчи ўринни эгаллаган Урганч давлат университети ҳамда “UzAuto Motors” АЖнинг Хоразм филиалига “Дамас” автомобилларининг калитлари топширилди.

Қовун сайлининг асосий натижаларидан бири янги жаҳон рекордининг ўрнатилиши бўлди. Хива “Энг кўп қовун дегустацияси ўтказилган фестиваль” номинацияси бўйича Гиннесснинг рекордлар китобига кирди. Тадбир давомида иштирокчилар 259 дан ортиқ қовун навини татиб кўрди ва бу янги халқаро ютуқ сифатида қайд этилди.

Шу тариқа, “Қовун сайли – 2026” нафақат кенг кўламли маданий-гастрономик тадбир, балки Хоразм вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш учун самарали майдонга ҳам айланди.

Гиннесснинг жаҳон рекорди ўрнатилгани фестивалнинг ёрқин якуни ва Хиванинг сайёҳлик тарихидаги янги, эътиборга молик воқеа бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш