Ўзбекистон дипломатлари Германиянинг Руст шаҳрида ишлаётган ватандошлар билан учрашув ўтказди
Август 10, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 92ФРАНКФУРТ-МАЙН, 10 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Европанинг энг йирик тематик истироҳат боғларидан бири — Руст шаҳрида жойлашган “Europa-Park”да меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошлар билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида Бош консулхона вакиллари Ўзбекистон фуқаролари билан учрашиб, уларнинг яшаш ва меҳнат қилиш шароитлари билан танишдилар, шунингдек, ватандошларимиз учун амалий аҳамиятга эга бўлган кенг доирадаги масалаларни муҳокама қилдилар.
Учрашувда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, уларнинг ҳуқуқий ҳимояси, Германия қонунчилиги талабларига амал қилиниши, шунингдек, меҳнат муносабатлари ва ижтимоий таъминот масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтказилган ишларнинг муҳим йўналишларидан бири фуқароларни консуллик ҳисобига қўйишни ташкил этиш бўлди. Ватандошларга вақтинчалик консуллик ҳисобига қўйиш тартиби, яшаш манзили, алоқа маълумотлари ҳамда бошқа шахсий маълумотларни ўз вақтида ва долзарб ҳолда тақдим этишнинг аҳамияти юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Учрашув доирасида фуқароларга шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва алмаштириш, консуллик хизматларидан фойдаланиш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, шунингдек, ҳуқуқий, ижтимоий ёки бошқа муаммолар юзага келган тақдирда Бош консулхонага мурожаат қилиш тартиби бўйича ҳам зарур маслаҳатлар берилди.
Ўзбекистон фуқароларининг хорижда хавфсиз бўлишини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ватандошларга бўлиб турган давлат қонунчилигига риоя қилиш, тузилаётган меҳнат шартномалари шартларига эътибор билан ёндашиш, зарур ҳужжатларни сақлаш ҳамда муаммоли вазиятлар юзага келган тақдирда ўз вақтида консуллик маслаҳати ва ёрдами учун мурожаат қилиш тавсия этилди.
Бош консулхона вакиллари фуқаролар томонидан кўтарилган саволларга жавоб бериб, зарур тушунтириш ва тавсияларни тақдим этдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


