“London Post”: TIIF-2026 жаҳон етакчилари, инвесторлар ва сиёсатчиларни бир майдонга жамлайди
Июнь 14, 2026. 16:30 • 3 дақ
• 34
ЛОНДОН, 14 июнь. /“Дунё” АА/. Британиянинг машҳур “London Post” ахборот порталида Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, жорий йилнинг 16–18 июнь кунлари Ўзбекистон мамлакатнинг асосий инвестиция платформаси ва минтақадаги энг йирик тадбирлардан бири бўлган Тошкент халқаро инвестиция форуми (TIIF-2026)га мезбонлик қилади.
Бешинчи бор ўтказилаётган ушбу форумда давлат раҳбарлари, молия вазирлари, суверен инвесторлар, корпорациялар раҳбарлари ва тараққиёт бўйича ҳамкорлар иштирок этади.
Уч кунлик тадбирда 2 мингдан ортиқ делегат қатнашиши кутилмоқда. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бу Марказий Осиёдаги энг йирик сармоявий ва иқтисодий тадбирлардан бири бўлади. Форум Ўзбекистоннинг инвестициялар, савдо, инновациялар ва барқарор ривожланиш бўйича минтақавий марказ сифатида ортиб бораётган ролини намойиш этишга қаратилган.
Энергетикага бағишланган махсус шўъбада Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 40 фоизга етказиш мақсади кўриб чиқилади. Бу мақсад 12 ГВт қувватга эга қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш режаси, шаклланаётган атом энергетикаси дастури ҳамда “яшил” водород салоҳияти билан мустаҳкамланади.
Муҳим фойдали қазилмаларга бағишланган муҳокамаларда тоғ-кон саноатида шаффофлик ташаббуси экспертлар гуруҳи томонидан таҳлил қилинади. Ўрта йўлак деб аталувчи Транскаспий халқаро транспорт йўлаги глобал савдо тизимидаги парчаланишлар шароитида стратегик муқобил йўналиш сифатида атрофлича ўрганилади.
Асосий тадбирлардан бири Тошкент халқаро молия марказининг расмий тақдимоти бўлади. “Frankfurt Main Finance”, “BlackRock”, “Qatar Financial Centre” ва “Franklin Templeton” каби нуфузли ташкилотлар вакиллари иштирокида молия марказининг глобал рақобатбардошлигини белгиловчи омилларга бағишланган панель муҳокамаси ўтказилади.
Форум доирасида АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Германия, Саудия Арабистони ва Хитой вакиллари иштирокида ихтисослаштирилган бизнес-форумлар ҳам бўлиб ўтади. Шунингдек, кун тартибидан рақамли трансформация ҳам муҳим ўрин олган бўлиб, унда сунъий интеллект, рақамли бошқарув, киберхавфсизлик, финтех экотизимлари ва технологияларга асосланган инвестицияларнинг келажаги каби масалалар кўриб чиқилади.
Мақолада таъкидланишича, қарийб 6 минг квадрат метр майдонни эгаллаган кўргазмада Ўзбекистон иқтисодиётининг нефть-кимё, машинасозлик, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати каби ўндан ортиқ соҳасидаги инвестициявий имкониятлар ва йирик лойиҳалар намойиш этилади.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ушбу форум Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги етакчи инвестиция манзили сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси