Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги нуфузи ошиб бормоқда
Февраль 19, 2026. 17:20 • 5 дақ
• 52
ТОШКЕНТ, 19 февраль. /“Дунё” АА/. Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобул Турсунов “Дунё” АА учун Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги натижаларини шарҳлаб, уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини баҳолашдаги аҳамиятини таъкидлади:
– Бугунги глобаллашув даврида давлатнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни унинг нуфузи ва тараққиёт даражасини белгилайдиган муҳим мезонга айланди. Зотан, бу кўрсаткичлар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги ислоҳотлари ва бошқарув самарадорлигини намоён этади.
Мамлакатимизда ҳам кейинги йилларда амалга оширилаётган тизимли ва халқчил ислоҳотлар натижасида халқаро рейтинглардаги кўрсаткичлар изчил яхшиланмоқда. Миллий баҳолаш мезонларини халқаро талабларга мослаштириш, ҳуқуқий ва институционал механизмларни такомиллаштириш бу борада муҳим омил бўлмоқда. Зеро, халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш мамлакат обрўсини мустаҳкамлаш, инвесторлар ишончини ошириш ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.
Эътиборга молик жиҳати, мазкур йўналишда парламент иштироки ва назорати фаоллашди. Сўнгги беш йил давомида мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнига таъсир қилувчи 20 дан ортиқ стратегия, 5 та кодекс, 35 та қонун, 4 та концепция ва 60 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани фикримиз тасдиғидир. Қолаверса, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида давлат органлари раҳбарларининг ахборотлари мунтазам эшитиб борилмоқда.
Бошланган ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш ва парламент назоратини кучайтириш мақсадида 2024 йил 19 июнда давлатимиз раҳбарининг фармони билан Сенат раиси бошчилигидаги Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши фаолияти такомиллаштирилди. Давлат бошқарувини модернизация қилиш, жамиятни демократлаштириш ва илғор халқаро тажрибага асосланган ислоҳотларни изчил давом эттириш Кенгашнинг асосий вазифа сифатида белгиланди. Шунингдек, мазкур йўналишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқишда парламент иштирокини таъминлаш орқали ҳокимият тармоқлари ўртасидаги мувозанат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш назарда тутилган.
Республика кенгашининг ишчи органлари — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига устувор рейтинглар бўйича мақсадли кўрсаткичларни доимий мониторинг қилиш, паст индикаторлар сабабларини бартараф этиш юзасидан таклифлар киритиш ва халқаро методологияларни чуқур ўрганган ҳолда ҳар йили Сенатга асосланган таклифлар тақдим этиш вазифаси юклатилган.
Ўтган йил якунлари шуни кўрсатмоқдаки, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар халқаро рейтинг ва индексларда аниқ натижалар билан намоён бўлди. Уларни бирма-бир санаб ўтамиз.
Жумладан, The Heritage Foundation тузадиган “Иқтисодий эркинлик” индексида Ўзбекистон 58 балл тўплаб, 184 давлат орасида 100-ўринни эгаллади. Бу ўтган йилга нисбатан 2,1 балллик ўсиш ва 3 поғона юқорилаш демакдир. Мамлакат МДҲда 5-ўринни, Марказий Осиёда 2-ўринни қайд этди. 12 индикатордан 8 тасида ижобий динамика кузатилгани иқтисодий либераллашув изчил давом этаётганини англатади.
Хусусан, “Organisation for Economic Cooperation and Development” хатарларни таснифлаш тизимида Ўзбекистон 1999 йилдан буён баҳоланиб келади. 2008 йилда 7-гуруҳдан 6-гуруҳга, 2019 йилда эса валюта конвертацияси эркинлаштирилиши ва суверен рейтинг олиниши ортидан 5-гуруҳга кўтарилган. Бугунги кунда етакчи агентликлар — S&P Global Ratings, Moody's ва Fitch Ratings — мамлакат рейтингини “BB”дан “BB” даражасига оширгани ёки кутилмани “ижобий”га ўзгартиргани молиявий барқарорлик мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
“United Nations Development Programme” ҳисоблайдиган Инсон камолоти индексида 0,740 балл қайд этилди. Бу кўрсаткич Ўзбекистонни 193 давлат орасида 107-ўринга олиб чиқиб, “юқори инсон тараққиёти” тоифасига киритди. Жон бошига даромад 3 500 долларга етгани, мактабгача таълим қамрови 78 фоизга, олий таълим 42 фоизга ошгани, ўртача умр кўриш 75,1 ёшга етгани инсон капиталига қаратилган сиёсат самарасини ифода этади.
“World Bank”нинг Логистика самарадорлиги индексида Ўзбекистон 11 поғонага яхшиланиб, 139 давлат ичида 88-ўринни эгаллади (МДҲда 5-ўрин, Марказий Осиёда 2-ўрин). Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида 6 поғонага кўтарилиб, 193 давлат орасида 63-ўрин қайд этилди ҳамда “юқори” гуруҳдан “жуда юқори” гуруҳга ўтган 17 давлат қаторидан жой олди. Рақобатбардош саноат унумдорлиги индексида эса 153 давлат орасида 88-ўринга кўтарилди (0,018 балл).
“World Intellectual Property Organization”нинг Глобал инновация индексида Ўзбекистон 139 мамлакат ичида 79-ўринни эгаллаб, 4 поғона юқорилади. Минтақада Ҳиндистон (38-ўрин), Эрон (70-ўрин), Ўзбекистон (79-ўрин) ва Қозоғистон (81-ўрин) кучли тўртликни ташкил этди.
“Sustainable Development Solutions Network” юритадиган Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида Ўзбекистон 166 давлат орасида 81-ўриндан 62-ўринга кўтарилди (+19 поғона). 2015–2024 йиллар натижаларига кўра, мамлакат дунёда бешинчи, Марказий Осиё ва Шарқий Европада биринчи ўринни эгаллаб, “глобал намуна” сифатида қайд этилди.
World Bankнинг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида 82,5 балл билан 48 поғонага кўтарилиб, 190 давлат ичида 91-ўринни эгаллади. Бу натижа Ўзбекистонни гендер тенглик бўйича ислоҳотларни жадал амалга оширган 5 давлат қаторига киритди ва Марказий Осиёда етакчиликни таъминлади.
Статистик салоҳият бўйича Жаҳон банкининг янгиланган баҳолашида Ўзбекистон 80,3 балл тўплаб, 17 поғонага кўтарилди ва 217 давлат орасида 62-ўринни қайд этди. Бошқарув сифати индикаторларида 6 йўналишдан 4 тасида ўсиш кузатилди.
“World Justice Project”нинг Ҳуқуқ устуворлиги индексида 0,50 балл билан 81-ўрин қайд этилди (+2 поғона). 8 индикатордан 5 тасида ўсиш кузатилгани постсовет маконида ижобий динамика намоён этган ягона давлат сифатида қайд этилишига замин яратди.
“Айни пайтда, Transparency International”нинг Коррупцияни қабул қилиш индексида 32 балл билан 121-ўрин, Reporters Without Bordersнинг Матбуот эркинлиги индексида 35,24 балл билан 148-ўрин ўзгаришсиз қолгани мазкур йўналишларда ислоҳотларни янада чуқурлаштириш зарурлигини кўрсатади.
Таъкидлаш жоизки, 2025 йилда эришилган натижалар мамлакатимизда иқтисодий очиқлик, инсон капитали ривожи, инновация ва бошқарув самарадорлиги бўйича изчил силжиш кузатилаётганини тасдиқлайди. Шу билан бирга, айрим институционал соҳаларда барқарор ва чуқур ислоҳотларни давом эттириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Халқаро рейтинг агентликлари ўтказаётган сўров ва баҳолаш жараёнларида Ўзбекистонда айрим соҳаларда эришилаётган ютуқлар тўлиқ акс этмаётгани мамлакатнинг баъзи индексларда қуйироқ поғоналарда қолишига сабаб бўлмоқда. Бу эса рейтинг тузувчи ташкилотлар билан тизимли ва очиқ ҳамкорликни кучайтиришни, вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ҳақидаги маълумотларни халқаро майдонга ўз вақтида ва аниқ етказишни тақозо этади.
Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг энг самарали йўлларидан бири — тарғибот ва очиқликдир. Яъни, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг амалий самарасини нафақат халқаро ҳамжамиятга, балки аввало ўз аҳолисига аниқ рақам ва далиллар асосида кўрсата билиш зарур.
Хулоса қилиб айтганда, халқаро рейтинг ва индекслар мамлакат тараққиётининг кўзгусига айланиши керак. Ана шунда бу кўзгуда ўз меҳнати ва саъй-ҳаракатлари натижасини кўрган халқимизнинг давлат сиёсатига ишончи янада мустаҳкамланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
