Миср ОАВ: Ўзбекистоннинг 2025 йил учун бизнес муҳити таҳлили эълон қилинди
Февраль 20, 2026. 09:13 • 3 дақ
• 46ҚОҲИРА, 20 февраль. /“Дунё” АА/. Мисрдаги қатор нуфузли ОАВда Ўзбекистоннинг 2025 йил учун бизнес муҳити таҳлили бўйича мақолалар эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, “MENA” AAда берилган мақолада, ёзилишичаЎзбекистонда йил давомида бизнес муҳити ижобий ҳудудда сақланиб қолган, йиллик ўртача кўрсаткич 57 баллни ташкил этган. Бу Ўзбекистонда умумий жиҳатдан қулай бизнес муҳити мавжудлигини англатади.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан берилган маълумотларга кўра, ушбу бизнес муҳити таҳлили мамлакат бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ҳар ой ўтказилган сўровномаларга асосланган. Тўпланган маълумотлар асосида жорий бизнес шароитлари ҳамда келгуси уч ойга мўлжалланган кутилмаларни акс эттирувчи композит Бизнес муҳити индикатори шакллантирилган.
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда Композит Бизнес муҳити индекси йиллик ўртача −100 дан +100 гача бўлган шкалада 57 баллни ташкил этди, бу 2024 йилга нисбатан 7 фоизга юқори. Ўсиш асосан жорий шароитларга берилган баҳоларнинг яхшиланиши ҳисобига таъминланди. Жорий бизнес шароитлари индекси йиллик ўртача қиймати 22 фоизга ошиб, 47 баллга етди.
“Sada al-Balad” ААда эълон қилинган мақолада Ўзбекистонда композит Бизнес муҳити динамикаси бўйича тўхталиб ўтилган. Агентликда чиққан материалда таъкидланишича, Кутилмалар индекси 68 баллдан 66 баллгача бироз пасайган бўлса-да, нисбатан юқори даражада сақланиб қолган. Бу корхоналарда жорий шароитларга ижобий баҳо бериш фонида келажак истиқболларига нисбатан маълум даражада эҳтиёткорлик сақланаётганини кўрсатади.
“Йил давомида Композит Бизнес муҳити индекси динамикаси бир маромда кечмади. Энг юқори кўрсаткич июнь ойида 63 баллни ташкил этган бўлса, энг паст даража январь ойида 52 балл бўлди. Йил мобайнидаги тебранишлар мавсумий омиллар ҳамда бизнеснинг тез ўзгараётган иқтисодий шароитларга мослашувини акс эттирди. Йил якунига келиб корхоналар ўртасида юқори даражадаги оптимизм сақланиб қолди. Декабрь ойида Бизнес муҳити индекси 58 баллни ташкил этиб, 2024 йил охирига нисбатан 2 баллга ошди”, дея ёзилган мақолада.
“Al-Diplomasi” ААда таъкидланишича, Ўзбекистонда тармоқлар кесимида 2025 йилда иқтисодиётнинг аксарият соҳаларида бизнес муҳити яхшиланди. Хизматлар соҳасида индекс 58 баллга етди (14,7% ўсиш). Қурилиш соҳасида 57 балл (14,2% ўсиш), саноатда эса 54 балл (6,8% ўсиш) қайд этилди.
Қишлоқ хўжалигида индекс деярли ўзгармасдан 56 балл даражасида сақланди, бу мазкур соҳада аввал шаклланган баҳолар барқарорлигини кўрсатади.
Ҳудудий жиҳатдан республикадаги 11 та ҳудудда йиллик ўртача Бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан ошди. Етти ҳудудда индекснинг йиллик ўртача қиймати 57 баллга етди.
Энг катта ўсиш Қашқадарё вилоятида кузатилиб, индекс 27 фоизга ошди. Ундан кейин Жиззах вилояти (23% ўсиш) ва Хоразм вилояти (17% ўсиш) жойлашди. Қорақалпоғистон Республикасида ўсиш 19 фоизни ташкил этди.
Самарқанд вилоятида индекс бироз пасайганига қарамасдан, йиллик ўртача бизнес муҳити 51 балл билан ижобий ҳудудда сақланди. Тошкент вилоятида эса кўрсаткич 44 балл даражасида ўзгаришсиз қолди.
“Al-Xabar al-Yaum” ААда ҳам мақола чоп этилди. Мазкур материалда Нарх динамикаси ва талаб бўйича бизнес кутилмалар бўйича маълумотлар берилган.
Қайд этилишича, 2025 йилда бизнес кутилмаларида инфляцион ва бозор баҳолари ўртача даражада сақланди. Ўртача ҳисобда компанияларнинг 23 фоизи яқин истиқболда нархлар ошишини кутган, бу 2024 йилга нисбатан 2 фоиз пунктга кам.
Йил давомида нархлар ошишини кутган тадбиркорлар улуши 18–27 фоиз оралиғида тебраниб турди. Энг юқори кўрсаткич апрель ойида, энг паст даража сентябрь ва декабрь ойларида қайд этилди. Энг юқори нарх кутилмалари қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида кузатилди, бу тармоқларга хос харажат тузилмаси ҳамда мавсумий ва об-ҳаво омиллари таъсири билан изоҳланади.
Шу билан бирга, бозор шароитлари бўйича баҳолар нисбатан барқарор қолди. Ўртача 66 фоиз тадбиркорлар товар ва хизматларга талаб ошишини кутган, 57 фоиз компания эса ходимлар сонини кўпайтиришни режалаштирган. Умуман олганда, натижалар бизнес фаоллиги ва бандлик бўйича ижобий кутилмалар сақланаётганини, нарх динамикасига эса нисбатан эҳтиёткор ёндашув мавжудлигини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



