Ингрид-Габриэла Ховен: Ўзбекистон билан кўп йиллик ҳамкорлигимиз замирида ўзаро ишонч ва устувор йўналишлар мужассам

Ноябрь 10, 2026. 15:30 • 2 дақ

• 19
Ингрид-Габриэла Ховен: Ўзбекистон билан кўп йиллик ҳамкорлигимиз замирида ўзаро ишонч ва устувор йўналишлар мужассам

АНТАЛИЯ, 10 ноябрь. /“Дунё” АА/. Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) бошқарув директори Ингрид-Габриэла Ховен “Дунё” АА мухбирига “Марказий Осиёнинг иқлимга чидамли ландшафтлари” (CLiCA) минтақавий дастурининг имзоланиши юзасидан ўз фикрларини билдирди:

– Биз Марказий Осиё давлатлари вакилларидан минтақада иқлим ўзгаришининг жиддий оқибатлари аллақачон сезилаётганини эшитдик. Гап қурғоқчилик, ерларнинг деградацияси ва сув ресурсларининг ўткир тақчиллиги ҳақида бормоқда.

Буларнинг барчаси сезиларли иқтисодий зарарларга олиб келмоқда. Чунки маҳаллий аҳоли атроф-муҳит ва ўзлари ўрганган табиий ландшафтларнинг ўзгаришига бевосита дуч келмоқда.

Шу боис мазкур мамлакатлар бу каби муаммоларга алоҳида ёки фақат миллий даражада ёндашиш самара бермаслигини англаб етди. Табиий ландшафтлар ва экотизимлар ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, давлат чегаралари билан чекланиб қолмайди. Бинобарин, муаммони самарали ҳал этиш биргаликдаги саъй-ҳаракатларни талаб қилади.

Энг аввало, уч мамлакат дастур доирасидаги чора-тадбирларни биргаликда режалаштириш, ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, эришилган натижалар бўйича умумий мониторинг олиб бориш учун кучларини бирлаштирди.

Шунингдек ўқинг

Бу ҳақиқатан ҳам ноёб ёндашувдир. Чунки уни ҳаётга татбиқ этиш муайян сиёсий ирода ва жасоратни – фақат миллий доирада чекланиб қолишдан воз кечиб, ҳамкорлар билан биргаликда ҳаракат қилишга тайёрликни талаб этади.

Иш тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бундай саъй-ҳаракатлар албатта ўз самарасини беради. Қўшма дастур келтирадиган натижалар ҳар бир мамлакатнинг якка тартибдаги миллий ташаббусларига қараганда анча кенг кўламли ва салмоқли бўлади.

Биз Ўзбекистон билан турли соҳаларда узоқ йиллик ва мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз. Шу билан бирга, табиий ресурсларни бошқариш ва уларни асраб-авайлаш борасидаги ҳамкорлик анъанавий тарзда ўзаро муносабатларимизда асосий йўналишлардан бирини ташкил этади.

Биз учун ишончли ҳамкорлар ва нуфузли институтлар – комиссиялар, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда бошқа давлат тузилмалари билан ҳамкорлик қилиш ниҳоятда муҳим. Биз уларнинг фаолиятидаги очиқлик, изчиллик ва умумий тамойилларга содиқликни юксак қадрлаймиз.

Қадриятларимиз биз қўллаб-қувватлашни мақсад қилган йўналиш ва вазифалар билан ҳамоҳанг бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Айнан мана шундай ўзаро тушуниш, ишонч ва устувор мақсадларнинг муштараклиги Ўзбекистон билан кўп йиллик самарали ҳамкорлигимиз пойдеворини ташкил этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш