Носибирскдаги ЙТҲда жабрланган ватандошимизнинг аҳволи Бош консулхона назоратига олинди
Ноябрь 10, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 26
НОВОСИБИРСК, 10 ноябрь. /“Дунё” АА/. Новосибирскдаги йўл-транспорт ҳодисасида жабрланган ўзбекистонлик фуқаронинг ҳолати Бош консулхона назоратига олинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жорий йил 9 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонасига ушбу шаҳарда содир бўлган ЙТҲ оқибатида жабрланган фуқаро Г.К. тўғрисида маълумот келиб тушди. Мазкур ҳолат юзасидан Бош консулхона консуллик ходими ва Миграция агентлигининг ҳудудий вакили зудлик билан фуқаро ётқизилган 2-сонли шаҳар тез ёрдам шифохонасига ташриф буюрди.
Аниқланишича, фуқаро Новосибирск шаҳри Высоцкий кўчаси 42-уй ёнидаги пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган вақтида қора рангли “Джип” русумли енгил автомобили томонидан уриб юборилган. Ҳайдовчининг ўзи тез ёрдам хизматини чақириб, жабрланувга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаган.
Тиббий ташхисга кўра, фуқаронинг синган суяклари битгунига қадар уни кўчиришга қарши кўрсатмалар мавжуд.
Бош консулхона томонидан фуқарога етказилган зарарни қоплаш ҳамда ушбу ҳолат юзасидан қонуний тартибда жабрдор мақомини беришни сўраб Россия ТИВининг Новосибирск шаҳридаги ваколатхонасига расмий нота юборилди. Мазкур ҳолат Бош консулхонанинг қатъий назорати остида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси