Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда
Май 06, 2026. 16:20 • 5 дақ
• 139
Туркия ўзининг қитъалараро ракетасини тақдим этди
Туркия Миллий мудофаа вазирлиги Истанбулда бўлиб ўтаётган SAHA-2026 халқаро мудофаа, авиация ва космик саноат кўргазмасида “Yildirimhan” қитъалараро ракетасини тақдим этди. Ракета вазирлик илмий-тадқиқот маркази томонидан яратилган ва мудофаа маҳсулотларининг янги намуналари тақдимоти доирасида намойиш этилган.
Манба: Anadolu
***
Жанубий Корея собиқ биринчи хонимининг қамоқ муддатини узайтирган судья ўлик ҳолда топилди
Жанубий Корея собиқ биринчи хоними Ким Гон Хига нисбатан қамоқ жазосини узайтирган судья Син Чжо О ўлик ҳолда топилди. Маълум қилинишича, судьянинг жасади Сеул Олий суди биноси ёнида аниқланган. 55 ёшли марҳуманинг жасади маҳаллий вақт билан соат 1:00 атрофида гулзорда топилган. Унинг чўнтагида ўлим олди мактуби борлиги аниқланган. Унда кечирим сўралган, бироқ суд иши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Полиция бир нечта тахминларни, жумладан, ўз жонига қасд қилиш версиясини кўриб чиқмоқда.
Манба: Yonhap
***
Трамп Ҳўрмуз бўғозидаги “Озодлик лойиҳаси” тўхтатилишини маълум қилди
АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳормуз бўғозида кемаларни кузатишга асосланган “Озодлик лойиҳаси” вақтинча тўхтатилганини айтди. Трампнинг фикрича, бу қарор Эрон билан келишувни якунлаш имкониятини кўриб чиқиш учун қабул қилинган. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио эса аввалроқ “Эпик ғазаб” операцияси якунланганини ва барча мақсадлар бажарилганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Трамп Эрон билан кенг қамровли келишувга эришмоқчи.
Манба: Truth Social
***
Қозоғистон 2027 йилдан Россия электридан воз кечишни режалаштирмоқда
Қозоғистон 2027 йилдан Россия электр энергиясидан воз кечишни режа қилмоқда. Бунга янги станциялар қурилиши ва амалдагиларининг модернизацияси орқали ички генерацияни ошириш билан эришилмоқчи. Мамлакат АЭС ишга тушишини кутмасдан, энергетик мустақилликка эришишни кўзламоқда. Қозоғистон ўзининг энергетика объектлари муваффақиятли ишга туширилган тақдирда, 2027 йилдан бошлаб Россия электр энергияси етказиб берилишидан воз кечишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Сунгат Есимханов матбуот анжуманида маълум қилди.
Манба: Zakon.kz
***
Руминия парламенти ҳукуматни истеъфога чиқарди
Руминияда мамлакат парламенти Бош вазир Илие Боложан ҳукуматига нисбатан ишончсизлик вотумини қабул қилди. Оқибатда марказ-ўнг кучлар раҳбарлигидаги ҳукумат расман қулади. Қайд этилишича, овоз бериш олдидан ўтган кескин муҳокамаларда Боложан бу қарорни кескин танқид қилган. У ишончсизлик вотумини асоссиз ва сунъий деб атаб, инқирозлар шароитида ҳукуматларни алмаштириш эмас, балки мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаган.
Манба: Politico
***
Испанияда рекорд миқдордаги кокаин мусодара қилинди
Испания ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари Атлантика океанида кема орқали олиб келинган йирик партиядаги кокаинни қўлга киритди. Дастлабки маълумотларга кўра, мусодара қилинган наркотик модда ҳажми 35–40 тонна атрофида бўлиб, бу мамлакат тарихидаги энг йирик операциялардан бири бўлиши мумкин. Испания фуқаро гвардияси Канар ороллари яқинидаги халқаро сувларда кемани тўхтатган. Амалиёт давомида қарийб 20 нафар шахс ҳибсга олинган. Манбага кўра, кема юкхонаси тўлиқ кокаин билан тўлдирилган бўлган.
Манба: CBS News
***
Амстердамда гўшт ва қазиб олинувчи ёқилғи рекламаси тақиқланди
Амстердамда гўшт ҳамда таркибида қазиб олинувчи ёнилғи турлари мавжуд бўлган маҳсулотлар рекламасига қарши тақиқ кучга кирди. Шу йўл билан Нидерландия пойтахти расмийлари иссиқхона газлари чиқиндиларини минимал даражага тушириш ва гўшт истеъмолини камайтиришни мақсад қилган. Амстердам гўшт маҳсулотлари, шунингдек, қазиб олинувчи ёнилғидан фойдаланиладиган товар ва хизматлар рекламасини тақиқлаган дунёдаги биринчи пойтахт бўлди.
Манба: BBC News
***
Янги Зеландияда 2027 йилдан бошлаб мигрантлар учун фуқаролик тести жорий этилади
Мамлакат ички ишлар вазири Брук ван Вельденнинг баёнотига кўра, 2027 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Янги Зеландия фуқаролигини олмоқчи бўлган мигрантлар учун мажбурий тест жорий этилади. Мазкур имтиҳон давлат бошқаруви ва инсон ҳуқуқлари каби мавзуларни қамраб олади. Тест инглиз тилида, анъанавий шаклда ўтказилади ва 20 та кўп вариантли саволдан иборат бўлади. Муваффақиятли ўтиш учун камида 15 та саволга тўғри жавоб бериш талаб этилади. Саволлар Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун, сайлов ҳуқуқи, демократик тамойиллар ва ҳукумат тузилиши каби соҳаларга оид бўлади.
Манба: Reuters
***
Москвада 40 дан ортиқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими минораси ўрнатилди
Россия ҳукумати Украинанинг ҳужум таҳдидлари фонида Москвага 40 дан ортиқ қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими минорасини ўрнатди. Пойтахт атрофида босқичма-босқич ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими шакллантирилмоқда. Сунъий йўлдош тасвирларига кўра, 2025 йилда шаҳар яқинида “Панцир-С1” зенит-ракета тизимлари (ЗРПК) ўрнатилган қўшимча 43 та минора қайд этилган. Гап совет давридаги 50 километр радиусга эга “кичик ҳалқа” ҳаво мудофааси тизимини қайта тиклашни давом эттириш ҳақида кетмоқда. Бу тизим совуқ уруш даврида амалда қўлланмаган.
Манба: Bild
***
Ким Чен Ин расман ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди
КХДР конституциясининг янги таҳририга кўра, Ким Чен Ин ядро қуролини қўллаш ҳуқуқи билан давлат раҳбари этиб қайта тайинланди. Шимолий Кореянинг янги конституцияси Ким Чен Инга Давлат ишлари раиси сифатида ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқини беради. Бундан ташқари, ҳужжатда мамлакат “урушнинг олдини олиш” мақсадида ядро қуролини ишлаб чиқишни давом эттириши айтилган.
Манба: Reuters
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси