Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 73 мингдан ошди

Июнь 29, 2026. 20:30 • 2 дақ

84
Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 73 мингдан ошди

ТОШКЕНТ, 29 июнь. /“Дунё” АА/. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2023 йил 7 октябрдан буён Исроил ҳарбий ҳаракатларида камида 73 минг 54 фаластинлик ҳалок бўлганини, яна 173 480 киши жароҳатланганини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Al Jazeera” телеканалига таяниб.

Шунингдек, вазирлик маълумотларига кўра, келишув кучга кирганидан бери амалдаги сулҳга қарамай, 1040 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Таъкидланишича, Фаластин эксклавидаги вайрон бўлган бинолар вайроналари остида ҳали ҳам минглаб қурбонлар жасади қолиб кетган.

Сўнгги бир кунда 3 нафар марҳумнинг жасади шифохоналарга етказилди, 43 нафар жабрланувчига тиббий ёрдам кўрсатилди. Дам олиш кунлари Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари камида тўрт кишининг ҳаётига зомин бўлди, улар орасида 13 ёшли қиз ҳам бор. Яна бир неча киши жароҳат олиб, шифохонага етказилган.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Исроил асирлигидан озод қилинган 14 нафар фаластинликни Керем Шалом назорат-ўтказиш пункти орқали Ғазо секторининг марказий қисмидаги “Ал-Ақсо шаҳидлари” касалхонасига олиб боришда ёрдам берганини, уларнинг оилалари билан бирлашишига кўмаклашганини маълум қилди.

Шунингдек ўқинг

Ташкилотнинг таъкидлашича, 2023 йилдан буён 2,5 мингдан ортиқ озод қилинган маҳбуслар шу тарзда кўчирилган. Бироқ, қўмита Исроил уларга бошқа фаластинлик маҳбуслар билан учрашишга рухсат бермаётганини маълум қилган.

Телеканал мухбирининг сўзларига кўра, Исроил аввалроқ ўт очишни тўхтатиш келишуви доирасида хавфсиз ҳудуд сифатида белгиланган Ғазо шаҳрининг бир қисмидаги чодирли лагерларга интенсив ҳаво ҳужумларини давом эттирмоқда. Шу билан бирга, Исроил қўшинлари Ғазо шаҳрининг шарқий ҳудудларида қуруқликдаги операцияни кенгайтирмоқда.

“AP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш