“ClimateDataBook”: Ўзбекистон Марказий Осиёда иқлимга чидамли тизимларни мустаҳкамлашга чақирди
Ноябрь 12, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 54
ИСЛОМОБОД, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “СlimateDataBook” порталида Туркияда ўтаётган COP31 доирасида Ўзбекистон миллий павильонида бўлиб ўтган мавзули тадбирга оид мақола жойлаштирилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимларининг иқлим ўзгаришига нисбатан барқарорлигини ошириш, шунингдек, аёллар, болалар ва заиф қатлам вакилларини кучайиб бораётган саломатлик хавфларидан ҳимоя қилиш мақсадида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва инвестицияларни кўпайтиришга чақирмоқда.
“Мазкур масала Туркияда ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) доирасида Ўзбекистон миллий павильонида ташкил этилган “Иқлим хавфларидан иқлим ўзгаришига чидамли соғлиқни сақлаш тизимларигача: Марказий Осиёда гендер омилларини ҳисобга олган ҳолда мослашувни молиялаштириш” мавзусидаги тадбирда муҳокама қилинди”, – дея маълум қилинган манбада.
Тадбирнинг муҳим натижаларидан бири Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ўртасида иқлим ўзгаришига чидамли соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш, инвестицияларни режалаштириш ҳамда институционал салоҳиятни ошириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши бўлди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Алишер Саломов Марказий Осиёда иқлим ўзгариши энди шунчаки экологик муаммо эмаслигини, балки аҳоли саломатлиги, иқтисодий тараққиёт ва инсонлар фаровонлигига тобора кучли таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
Нашрда маълум қилинишича, Ўзбекистонда Қорақалпоғистон учун иқлим ўзгаришига чидамли оналик саломатлигини муҳофаза қилиш модели ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, Оролбўйи минтақасидаги экологик ўзгаришлар натижасида доимий иш ўринларини йўқотган аёлларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам кўзда тутилган.
“Панель муҳокамаси давомида Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари давлат идоралари вакиллари, GGGI, UNFPA ҳамда халқаро молия институтлари мутахассислари соғлиқни сақлаш инфратузилмаси учун инвестицияларни жалб қилиш, миллий мослашув режаларида иқлим ва гендер омилларини ҳисобга олиш, маҳаллий ҳамжамиятларнинг барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда рақамли соғлиқни сақлаш ечимларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар”,– деб ёзилган “СlimateDataBook” шарҳида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси