“Daily News Hungary”: Глобал иқлим ўзгариши Ўзбекистоннинг дарёбўйи экотизимларига таъсир кўрсатмоқда

Ноябрь 10, 2026. 14:30 • 2 дақ

• 134
“Daily News Hungary”: Глобал иқлим ўзгариши Ўзбекистоннинг дарёбўйи экотизимларига таъсир кўрсатмоқда

БУДАПЕШТ, 10 ноябрь. /“Дунё” АА/. Венгриянинг “Daily News Hungary”  электрон нашрида глобал иқлим ўзгаришининг Ўзбекистондаги дарёбўйи экотизимларига таъсири, атроф-муҳитни асраш ва тиклаш масалаларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Амударё, Сирдарё ва Зарафшон соҳилларида шаклланган тўқайзорлар Марказий Осиёнинг ноёб табиий бойлиги ҳисобланади. Улар минтақада экологик мувозанатни сақлаш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш ва биологик хилма-хилликни муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутади. Жумладан, Бухоро буғуси каби камёб ҳайвон турларининг яшаши бевосита ушбу экотизимлар билан боғлиқ.

Ўзбекистон Фанлар академияси олимлари томонидан Амударё, Сирдарё ва Зарафшон дарёлари, шунингдек, Айдар-Арнасой кўллар тизими соҳилларида олиб борилган кўп йиллик тадқиқотлар натижасида тўқайзорларда ўсимликларнинг 632 тури мавжудлиги аниқланган.

Шу билан бирга, иқлим ўзгариши, сув танқислиги, қурғоқчилик, ерларни ўзлаштириш ва чорвани ортиқча боқиш мазкур экотизимларга жиддий хавф туғдираётгани қайд этилган.

Тадқиқотлар тўқайзорлар майдонининг қисқариб бораётганини ҳам кўрсатган. Хусусан, Фарғона водийсидаги Сирдарё бўйида жойлашган учта тўқай массивининг умумий майдони 1975 йилдаги 754 гектардан 2025 йилга келиб 377 гектаргача камайган. Яъни, ярим аср давомида уларнинг қарийб 50 фоизи йўқолган.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, дарахтларнинг йиллик ўсиш ҳалқалари таҳлили Амударё бўйида 1949–2022 йилларда радиал ўсиш 65 фоизга, Сирдарё бўйида 1965–2022 йилларда 83 фоизга, Зарафшон бўйида эса қарийб 49 фоизга камайганини кўрсатган. Бу ҳолат тўқай экотизимларининг экологик барқарорлиги сусайиб бораётганидан далолат беради.

Мақолада иқлим ўзгариши туфайли тоғлардаги қор ва музликлар захирасининг қисқариши, дарёлар сув режимининг ўзгариши, ёзги ҳарорат ва сув буғланишининг ортиши тўқайзорларнинг табиий тикланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатаётгани алоҳида таъкидланган.

Олимлар тўқайзорларни сақлаб қолиш учун мавжуд табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш, маҳаллий ўсимлик турларидан фойдаланган ҳолда ўрмонларни тиклаш, чорвани ортиқча боқишни чеклаш, дарё қайирларининг мавсумий сувланишини таъминлаш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш зарурлигини таъкидлаган.

Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув ресурслари ва экотизимлар ҳолати бўйича илмий маълумотлар алмашинувини кучайтириш, қўшма мониторинг ва табиий ҳудудларни тиклаш лойиҳаларини амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш