Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбар қўйди
Апрель 09, 2026. 18:48 • 2 дақ
• 56
ТОШКЕНТ, 9 апрель. /“Дунё” АА/. Бугун мамлакатимизда буюк давлат арбоби, ўзбек давлатчилиги асосчиси, буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу қутлуғ сана муносабати билан юртимиз бўйлаб турли маънавий-маърифий тадбирлар, илмий анжуманлар ва хотира маросимлари ташкил этилмоқда.
Пойтахтимиз марказида жойлашган Амир Темур хиёбонида ҳам ана шундай эҳтиромга лойиқ тадбир бўлиб ўтди. Буюк саркарда ҳайкали пойига гул қўйиш маросимида турли вазирлик ва идоралар вакиллари, жамоатчилик фаоллари, хорижий меҳмонлар ҳамда кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар фаол иштирок этди. Маросим миллий қадриятлар ва тарихий хотирага юксак эҳтиром рамзи сифатида ўтди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари томонидан ҳам Соҳибқирон хотирасига юксак ҳурмат кўрсатилиб, ҳайкал пойига гулчамбар қўйилди. Бу каби амалий эҳтиром нафақат тарихга ҳурмат, балки буюк аждодлар меросини қадрлаш ва уни келажак авлодларга етказишнинг ёрқин намунасидир.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар Амир Темурнинг давлатчилик, ҳарбий санъат ва дипломатия соҳаларидаги беқиёс мероси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, Соҳибқирон томонидан барпо этилган марказлашган давлат тизими, адолатли бошқарув тамойиллари ва халқаро муносабатлардаги пухта сиёсат бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Айниқса, Амир Темурнинг “Куч – адолатдадир” деган тамойили бугунги Янги Ўзбекистон тараққиётида муҳим ғоявий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Соҳибқирон мероси ёш авлодни ватанпарварлик, садоқат, фидойилик ва миллий ғурур руҳида тарбиялашда беқиёс маънавий манба сифатида қадрланмоқда.
Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, очиқлик ва ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсат, миллий тикланиш ва тараққиёт йўлидаги саъй-ҳаракатларда ҳам Соҳибқирон меросининг руҳи яққол намоён бўлмоқда.
Шу тариқа, Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги нафақат тарихий сана, балки халқимизнинг буюк ўтмишига бўлган чексиз ҳурмати, миллий ўзликни англаш ва келажакка ишонч билан қарашининг ёрқин ифодаси сифатида кенг нишонланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси