Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Жанубий Кореядаги хайрия тадбирларида қатнашди

Июнь 01, 2026. 18:55 • 2 дақ

80
Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Жанубий Кореядаги хайрия тадбирларида қатнашди

СЕУЛ, 1 июнь. /“Дунё” АА/. Муқаддас Қурбон ҳайитини нишонлашга бағишланган тадбирлар доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Жанубий Кореяга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Сафар давомида Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги “Мирзо Ғолиб” жоме масжиди имом-хатиби Исахон Бегматов, Самарқанд вилояти Ургут тумани бош имом-хатиби, “Мулла Шоди бобо” жоме масжиди имом-хатиби Абдуғани Ҳасанов ҳамда Тошкент шаҳридаги “Жобир ибн Абдуллоҳ” жоме масжиди имом-хатиби Мирза Алихоновдан иборат делегация Корея мусулмонлари федерацияси раиси Ҳусайн Ким Дон Ёк билан учрашди.

Музокаралар чоғида томонлар Жанубий Кореядаги мусулмон жамоасининг бугунги ҳолати, динлараро мулоқотни ривожлантириш масалалари ҳамда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.

Диний-маърифий ишлар, динлараро ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, маданий ўзига хосликни сақлаш ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мунтазам алоқаларни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Ташриф доирасида Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган ватандошлар учун маърифий суҳбат уюштирилди. Тадбир давомида маънавий-ахлоқий тарбия, ўзбек диаспораси ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, анъанавий оилавий қадриятлар ҳамда ўзаро ҳурмат маданиятини асраб-авайлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, делегация жамоавий намоз ўқиди, иштирокчиларга тинчлик-фаровонлик, иймонни мустаҳкамлаш, хорижда яшаш шароитида миллий ва диний анъаналарни сақлашга оид панд-насиҳатлар бериб, эзгу тилаклар билдирди.

Ташкил этилган “Эҳсон” хайрия тадбирида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари ҳамда ушбу мамлакатда вақтинча меҳнат фаолиятини юритаётган ватандошлар иштирок этди.

Акциянинг асосий мақсади хориждаги Ўзбекистон фуқароларига моддий ва маънавий кўмак бериш, ўзаро ёрдам ва бирдамлик анъаналарини мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Хайрия дастурхонига 100 нафардан ортиқ юртдош таклиф этилди, 50 та эҳтиёжманд оилага байрам совғалари улашилди.

Исахон Бегматов Қурбон ҳайитининг маънавий аҳамияти, хайрия, бирдамлик ва ўзаро кўмакнинг, шунингдек, Ватандан йироқда миллий ва диний анъаналарни асрашнинг муҳимлиги ҳақида сўз юритди.

Шу каби маърифий тадбирлар Ўзбекистон фуқаролари кўплаб истиқомат қиладиган Кёнсан, Кимхе, Чунчон, Кванжу, Мокпо, Кунсан ва Тежон шаҳарларида ҳам ўтказилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш