Коррупцияга қарши курашиш бўйича Швеция тажрибаси ўрганилди
Июнь 06, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 42СТОКГОЛЬМ, 6 июнь. /“Дунё” АА/. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Швецияда бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Лунд ва Стокгольм шаҳарларига ташриф давомида Швециянинг коррупцияга қарши курашишга ихтисослашган етакчи тузилмалари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси вакили Мария Хосе Верамэнди ва Коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро ресурс маркази (U4) эксперти Даниэла Сепеда билан бўлиб ўтган учрашувларда коррупциянинг олдини олиш, мутахассислар малакасини ошириш ва тажриба алмашиш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар қўшма ўқув тадбирлари ва эксперт маслаҳатларини ўтказишга келишиб олдилар.
Коррупцияга қарши курашиш институти бош котиби Виктория фон Уэкскюль билан суҳбат чоғида ишбилармонлик муҳитида ҳалоллик ва шаффофлик тамойилларини мустаҳкамлаш, шунингдек, давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ ва хизмат интизоми қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича Швеция тажрибаси ўрганилди.
Бундан ташқари, Швеция полициясининг Коррупцияга қарши курашиш миллий бўлинмаси раҳбари Ева Халлстрём билан давлат харидлари соҳасидаги коррупсиявий хавфларни аниқлаш, хабар берувчиларни ҳимоя қилиш механизмларининг ишлаши ҳамда рақамли платформалардан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий ихтисослаштирилган бўлинмаси раҳбари Матс Янссон билан учрашувда эса коррупцияга оид жиноятларни аниқлаш ва тергов қилишнинг самарали механизмлари ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Учрашувлар якунида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш ва қўшма тадбирлар ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




