Ўзбекистон элчиси Покистон Бош вазирининг махсус ёрдамчиси билан учрашди

Июнь 06, 2026. 13:00 • 2 дақ

23
Ўзбекистон элчиси Покистон Бош вазирининг махсус ёрдамчиси билан учрашди

ИСЛОМОБОД, 6 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Бош вазирининг махсус ёрдамчиси, саноат ва ишлаб чиқариш бўйича федерал вазир Харун Ахтар Хан билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларнинг амалий ижроси ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилдилар.

Саноат кооперациясини кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқалар ҳажмини ошириш, транспорт-транзит ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, энергетика йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, геология ва фармацевтика тармоқларидаги истиқболли ҳамкорлик имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Харун Ахтар Хан жорий йил февраль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга амалга оширган давлат ташрифини икки мамлакат муносабатларидаги муҳим тарихий воқеа сифатида баҳолади.

«Ўзбекистон етакчисининг узоқни кўра билиши, стратегик тафаккури ва юксак сиёсий донолиги менда чуқур таассурот қолдирди, – деди у. – Шунингдек, Давлатингиз Раҳбари бошчилигида Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганини юқори баҳолаймиз. Ўзбекистоннинг мазкур соҳаларда тўплаган бой тажрибаси Покистон учун ҳам муҳим аҳамият касб этади».

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг ижросини жадаллаштириш, икки мамлакатнинг ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, янги қўшма инвестиция ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Шунингдек, Покистондан Ўзбекистонга тирик чорва молларини импорт қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар мазкур йўналишдаги ҳамкорлик икки мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 16–18 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган V Тошкент халқаро инвестиция форумининг Ўзбекистон–Покистон иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштиришдаги муҳим ўрни қайд этилди.

Томонлар мазкур нуфузли халқаро иқтисодий форумда Покистон делегациясининг юқори даражада фаол иштирок этиши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий шериклигини янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш