Ўзбекистон банкирлари Малайзияда исломий банкинг бўйича малака оширди

Июль 21, 2026. 17:00 • 2 дақ

19
Ўзбекистон банкирлари Малайзияда исломий банкинг бўйича малака оширди

КУАЛА-ЛУМПУР, 21 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон банк-молия соҳаси вакиллари Малайзиянинг Ислом молияси бўйича шариат маслаҳатчилари ассоциацияси (ASAS) томонидан ташкил этилган “Исломий банк дарчаси” мавзусидаги ўқув-амалий дастурида иштирок этиб, соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Дастурнинг илк битирувчиларига халқаро сертификатларни топшириш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев давлат раҳбари ташаббуси асосида мамлакатимизда ислом молиясини жорий этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, элчи жорий йилда соҳани тартибга солувчи махсус қонун қабул қилингани ислом молиясини ривожлантиришда муҳим босқич бўлганини қайд этди.

Тадбирда Ўзбекистон учун Малайзия тажрибасининг учта устувор йўналиши алоҳида таъкидланди. Биринчидан, бу ­­– қўшалоқ банк тизими бўлиб, унда анъанавий ва исломий банклар ягона регулятор назорати остида параллел фаолият юритади.

Иккинчидан, марказлашган шариат назорати тизими орқали банклар томонидан ўзаро зид фатволар қабул қилинишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек ўқинг

Учинчидан, “Исломий дарча” модели тижорат банкларида янги инфратузилмани тез ва самарали шакллантириш имконини беради.

Малайзиянинг йирик исломий банкларидан бири – “Maybank Islamic Berhad” бош директори ўринбосари Моҳд Рамазон Фитри Ўзбекистонда ислом банк иши ва молиявий хизматларни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.

У Ўзбекистон банк тизими вакилларига исломий дарчаларни ташкил этиш, зарур молиявий инфратузилмани шакллантириш ҳамда аудит жараёнларини йўлга қўйишда амалий ва техник ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Ўз навбатида, ASAS бош ижрочи директори Мохтар Абдулла мазкур ўқув дастури давомида ўзбекистонлик мутахассислар ислом молияси инструментлари, шариат бошқаруви ва исломий дарчалар фаолиятини ташкил этиш бўйича зарур билим ва кўникмаларни чуқур ўзлаштирганини таъкидлади.

Тадбир якунида бундай ўқув дастурлари Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги молиявий-инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантиришга, шунингдек, мамлакатимизда шариат тамойилларига асосланган замонавий банк хизматларини самарали жорий этиш учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилиши қайд этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш