Тим Вудбери: Ўзбекистонда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар мавжуд
Октябрь 20, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 76
САМАРҚАНД, 20 октябрь. /“Дунё” АА/. Американинг “Armada” компанияси давлат органлари билан алоқалар бўлими раҳбари Тим Вудбери “Дунё” АА мухбири билан суҳбатда Ўзбекистондаги инвестиция муҳити ва юқори технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
– Ўзбекистонга илк бор келишим ва бу мамлакат халқининг жуда меҳмондўст эканига гувоҳ бўлдим. Самарқандда ўтказган вақтим, айниқса, унинг тарихий маркази билан танишиш ва бетакрор муҳитидан баҳраманд бўлиш имконияти менга жуда манзур бўлди. Бу ердаги одамлар ниҳоятда самимий ва очиқкўнгил. Бу, шубҳасиз, мамлакат ҳақида жуда ижобий таассурот уйғотади.
Бизнес нуқтаи назаридан Ўзбекистон етакчи глобал компаниялар, жумладан, Америка ишбилармон доиралари билан шерикликни ривожлантиришдан манфаатдор мамлакат сифатида намоён бўлмоқда. Мен бу ерда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар борлигини кўряпман.
Компаниямиз юқори технологиялар соҳасида фаолият юритади ва модулли маълумотларни қайта ишлаш марказларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ўзим дунёнинг йирик технологик инновациялар марказларидан бири бўлган Калифорния штатининг Сан-Франциско шаҳриданман. Шу боис, агар Ўзбекистон технологик салоҳиятини ва рақамли инфратузилмасини ривожлантиришда давом этса ҳамда замонавий ечимларни жорий этишга интилса, компаниямиз ҳамкорлик имкониятларини ўрганишдан манфаатдор.
Албатта, инвесторлар учун ҳуқуқий ва тартибга солиш муҳитининг сифати, солиқ сиёсати, бизнес юритиш шароитлари ҳамда бошқа иқтисодий омиллар каби масалалар муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, назаримда, инсонлар ўртасидаги муносабатлар, томонларнинг очиқ ва конструктив мулоқотга тайёрлиги ҳам бундан кам бўлмаган, кўп ҳолларда эса янада муҳимроқ аҳамият касб этади.
Кеча Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири билан учрашишга муваффақ бўлдим. Унинг Америка компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган қизиқиши ва технологик шериклик учун янги имкониятлар яратишга интилиши менда катта таассурот қолдирди.
Менимча, муваффақиятли ҳамкорликнинг калити айнан шунда. Бизнесдаги кўплаб масалалар инсонлар ўртасидаги муносабатлар, ўзаро ишонч ва биргаликда ишлашга тайёргарликка бориб тақалади.
Агар бундай ўзаро англашув ва шерикликка интилиш мавжуд бўлса, бу узоқ муддатли ҳамкорлик ҳамда аниқ инвестициявий ва технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси