Диана Янсе: Ўзбекистон улкан ислоҳотлар йўлини босиб ўтмоқда
Июнь 10, 2026. 20:00 • 3 дақ
• 28
ТОШКЕНТ, 10 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Швециянинг Халқаро ҳамкорлик, тараққиёт ва ташқи савдо вазирлиги давлат котиби Диана Янсе бошчилигидаги делегация билан музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида миграция ва мобиллик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжат имзоланди. Мазкур саъй-ҳаракатлар ҳақида Швеция делегацияси раҳбари Диана Янсе “Дунё” ААга ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
– Ўзбекистонга икки томонлама муносабатларимизга доир кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиш учун келдим. Мен билан бирга Швециянинг нуфузли ишбилармонлар делегацияси ҳам ташриф буюрган. Шу боис музокараларнинг салмоқли қисми савдо ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланди.
Бугун имзоланган миграция тўғрисидаги битим алоҳида аҳамият касб этади. У мамлакатларимиз ўртасида тартибга солинган, хавфсиз ва мувофиқлаштирилган миграция оқимларини таъминлаш бўйича биргаликда ишлаш учун мустаҳкам замин яратади.
Энди, мутасадди идоралар олдида ушбу ҳужжатни амалий мазмун билан тўлдириш вазифаси турибди. Швеция томонидан бу ишларни Адлия вазирлиги, Ўзбекистон томонидан эса тегишли миграция идоралари мувофиқлаштиради. Мақсадимиз – келишувнинг ҳар икки давлат учун ҳам энг юқори даражада фойда келтиришини таъминлашдир.
Шуни таъкидлашни истардимки, миграция масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик бугунги кунда конструктив руҳда ривожланмоқда. Бу Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам, Швеция ҳукумати учун ҳам устувор вазифадир. Биз самарали мулоқотни йўлга қўя олдик ва ҳамкорликни давом эттириб, унинг амалий жиҳатларини кенгайтириш ниятидамиз.
Сармояларга келсак, бугунги кунда иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун кенг истиқболлар очилмоқда. Телекоммуникация, соғлиқни сақлаш ва тоғ-кон саноати энг истиқболли йўналишлар сирасига киради, бироқ ҳамкорлигимиз салоҳияти булар билангина чекланиб қолмайди.
Швеция кўплаб юқори технологияли соҳаларда, жумладан, барқарор ва экологик масъулиятли тоғ-кон саноатида етакчи мавқега эга. Ўзбекистон ўзининг қазиб олиш секторини модернизация қилиб, янада замонавий, хавфсиз ва экологик тоза технологияларга ўтаётгани сари швед компаниялари илғор ечимлар ва эксперт билимларини ҳам, замонавий ускуналарни ҳам таклиф қилишга тайёр. Айни пайтда тоғ-кон саноати учун техника ишлаб чиқарувчи бир қатор компанияларимиз Ўзбекистон бозорида фаол ишламоқда.
Соғлиқни сақлаш ҳам истиқболли йўналишлардан биридир. Швеция ҳаёт ҳақидаги фанлар соҳасида кучли тадқиқот мактабига эга ва дунёга машҳур фармацевтика компанияларининг ватанидир. Бу ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун яхши имкониятлар яратади.
Биз Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни диққат билан кузатиб бормоқдамиз. Мамлакат ёрқин таассурот қолдирадиган ўзгаришлар йўлини босиб ўтмоқда ва биз узоқ муддатли ҳамда ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш орқали ушбу жараённинг бир қисми бўлишни истаймиз.
Шу билан бирга, биз нафақат Швеция бизнесининг Ўзбекистондаги иштирокини оширишдан, балки Ўзбекистон экспортининг Швеция бозоридаги ҳажмини оширишдан ҳам манфаатдормиз.
Швецияда халқаро савдони ривожлантиришга кўмаклашадиган ва экспорт имкониятларини кенгайтириш мақсадида ўзбекистонлик шериклар билан аллақачон ҳамкорлик қилиб келаётган Миллий савдо кенгаши фаолият юритади. Шу боис, биз иқтисодий ҳамкорлигимизни ўзаро манфаат ва умумий манфаатларга асосланган икки томонлама ҳаракат деб биламиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси